Мустақиллик маҳалласида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида ички йўллар асфальтланмоқда
Қува туманида аҳолининг ташаббуси ва овоз бериш натижалари асосида амалга оширилаётган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасидаги ишлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, Мустақиллик маҳалла фуқаролар йиғинидаги фуқаролар томонидан билдирилган таклиф асосида ички йўлларни таъмирлаш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди.
Маҳалланинг 3 кмдан ортиқ ички йўллари жорий йилнинг “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ғолиблари рўйхатига киритилиб, ҳозирги кунда бу ерда кенг кўламли асфальтлаш ишлари амалга оширилмоқда. Таъмирлаш ишлари юқори сифатли қурилиш материалларидан фойдалинган ҳолда, белгиланган режа асосида босқичма-босқич амалга ошириляпти.
Аҳоли учун катта аҳамиятга эга бўлган мазкур ички йўллар — болалар боғчаси, мактаб, савдо нуқталари ҳамда маҳалладошлар ҳаракати учун асосий инфратузилма ҳисобланади. Йўлларнинг таъмирланиши нафақат турмуш шароитини яхшилайди, балки хавфсиз ва қулай ҳаракатланиш имконини ҳам яратади.
Маҳалладошлар томонидан билдирилишича, илгари йўллар ҳолати ёмон бўлгани сабабли ёмғирли кунларда ҳаракатланиш қийинлашар, кексалар ва болаларга ноқулайлик туғиларди. Энди эса маҳаллада ободончилик ва қулайлик ҳисси ортиб бормоқда.