Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38
ИМКОНИЯТ- ТАШАББУСЛАРГА ҚАНОТ БЎЛМОҚДА
2022-02-10 14:55:00 279
Бувайда туманидаги “Қоратепа” маҳалла фуқаролар йиғинида умргузаронлик қилаётган Ўғилой Сайфутдинова ўттиз беш ёшда. Кичик жусса, камсуқум, оддий ва самимий. У ҳаётнинг оила деб аталмиш залворли юкини елкага олиб яшашга ҳаракат қилмоқда. Ҳаётидан нолигани йўқ. Жондан азиз фарзандлари, яқинлар бахти камоли йўлида меҳнат қиляпти, изланяпти.Ўғилой ишсизлиги учун “Аёллар дафтари”га киритилган. Шу боис унга замонавий тикув машинаси берилди. Бу имконият оила ҳаёт тарзига ўзига хос ўзгариш, фаровонлик олиб кирди, рўзғорини бутлади. Бугунга келиб тикувчи қалб қўри, меҳрига пайваста тикилган либослар ҳаридоргир. Тикувчига буюртма берувчилар cони кундан кунга ортиб бормоқда. Натижада маҳалладаги ишсиз -хотин- қизларни ҳам шогирдликка олди. Шу кунга қадар ўнлаб ёшларга тикувчилик, бичувчилик йўналишида касб сирларини ўргатиб келмоқда. Албатта бу ўз- ўзидан бўлиб қолгани йўқ. Аввало, сабр билан қилинган ҳалол меҳнат ва шукроналик маҳсули. -Маҳалладагилар келиб бандлик масаласида берган таклифларига бажонидил рози бўлдим. Турмуш ўртоғимнинг кунлик топгани, қайнонамнинг нафақаси билан тўрт фарзандни тарбиялаб элга қўшиш бирмунча мушкул эди,-дейди Ўғилой бироз хўрсиниб. - Ишлай десам, фарзандларим ёш. Тикувчилик малакасига эга эдим. Аммо бугунги кун талабига жавоб берадиган замонавий тикув машинасини харид қилишга имкон топа олмаётгандик. Менга 12 чокли тикув машинаси беришди. Бу имтиёз бизни янги имконият, ташаббуслар сари руҳлантирди. Ишни аёллар либоси тикишдан бошладим. Кейинроқ бозорга маҳсулот тикиб сотишни йўлга қўйдим. Ҳозир болалар учун трикотаж матосидан кийим-кечаклар тайёрлаяпмиз. Буюртмалар ошиб боргани сари қўшимча дастгоҳлар харид қилдик, маҳалладаги хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратдик.Ҳар куни бозорга маҳсулот сотамиз. Умумий олиб қараганда бир ойлик даромадимиз 5 миллион сўмдан ошади. Уйда ўтириб ҳам пул топиш мумкинлигига амин бўлдим. Аввалгидек кўчада гап сотиб ўтиришга вақт йўқ. Ҳар куни бир ишни бошидан тутамиз. Меҳнатга яраша даромад оляпмиз, дастурхонимиз бут. Биздек аёлларнинг турмуш шароитини яхшилаш, ҳаётда ўз ўринларини топиш йўлида яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлардан мамнунман. Ўғилой оилавий тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришни кўзлаб турибди. Шу мақсадда маҳалла фуқаролар йиғинидаги бўш турган хонада тикувчилик тармоғи ташкил қилишга киришди. Бу бир вақтнинг ўзида 20 нафар хотин-қизларни иш билан таъминлаш имкониятини беради. “Қоратепа” тумандаги аҳоли зич жойлашган кўҳна қишлоқлардан. Маҳаллада томорқачилик, тикувчилик йўналишларини ривожлантиришга бўлган эътибор ортиб бормоқда. Ўтган йилнинг ўзида “Аёллар дафтари” га киритилган 57 нафар аёллар бандлиги таъминланди. Айниқса, аёлларининг ғайрат, шижоати ҳавас қилгулик. Ишсиз тоифасида “Аёллар дафари”га киритилган Моҳира Тошматова хонадони қисқа фурсатда мўъжаз ишлаб чиқариш тармоғига айланиб улгурди. Бу ерда ўнга яқин бичиш, тикиш дастгоҳлари бир маромда ишлаб турибди. Болалар трикотажи, аёллар либоси, курткалар тайёрлаш йўлга қўйилган. Маҳаллий хом ашёлардан тайёрланаётган маҳсулотнинг бозори чаққон. Даромад ҳам шунга яраша бўлмоқда. Ишлаб топилган сармоянинг бир қисми тармоқ фаолиятини ривожлаштириш, қўшимча дастгоҳлар ҳарид қилишга сарфланмоқда. Бугунги кунда оилавий корхонада 15 нафар маҳалла ёшлари ”Уста-шогирд” асосида ҳунар ўрганмоқда. Моҳира “дафтардан” чиқиш билан бирга, маҳалладаги бошқа аёлларга яхши ҳақ тўланадиган иш таклиф қилмоқда.-Аёллар учун бахтли ва муносиб турмуш шароит яратиб беришга бўлган эътибор кундан кунга ортиб бормоқда, - дейди туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Дилафрўз Қосимова. - Шу кунга қадар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз аёлларнинг 334 нафари доимий ишга жойлаштирилди. Тадбиркорлик йўналишида иш бошламоқчи бўлган 224 нафар аёллар учун 2 млрд. 289 млн.сўм имтиёзли керидит ажратилди, 193 нафари касбга ўқитилди. Томорқасида даромад олиш истагида бўлган 267 нафар аёлларга 448 млн. сўмлик ёрдам кўрсатилди. Яъни иссиқхоналар қуриб берилди, парранда тарқатилди. Уй-жойи таъмирига муҳтож, 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган 8 нафар аёлларга манзилли ёрдамлар кўрсатилди. Боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд 291 нафар аёлларга “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан 370 млн. 400 минг сўм моддий ёрдам кўрсатилди.Ўтган йилда Бувайда туманида 4658 нафар хотин-қизлар 9 тоифадаги “Аёллар дафтари” га киритилган эди. Олиб борилган амалий тадбирлар, ишлаб чиқилган “йўл харита”лари натижасида уларнинг барчасига тоифалар кесимида амалий ёрдам кўрсатилиб “дафтардан” чиқарилди. Ҳаёт давом этар экан, унинг ўзига яраша муаммо ва камчиликлари “бўй” кўрсатиб туради. Эътиборли жиҳати, юртимизда аҳоли муаммоларини бартараф этиш, инсон қадрини улуғлашга бўлган эътибор ва ғамхўрликлар ҳар қандай масалани ижобий ҳал этиш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш имкониятини бераётгани билан аҳамиятли.