Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38
БУНЁДКОРЛИКНИНГ ЯНГИ НАФАСИ
2021-07-29 16:13:10 268
МАМЛАКАТИМИЗ ФУҚАРОЛАРИ ЭНГ МУНОСИБ ШАРОИТЛАРДА ЯШАШГА ҲАҚЛИ. АҲОЛИ ЎЗИ ИСТИҚОМАТ ҚИЛАЁТГАН КЎЧАНИНГ ТЕКИС ВА РАВОН БЎЛИШИНИ, ИЧИМЛИК СУВИДАН МУАММО БЎЛМАСЛИГИНИ, ФАРЗАНДЛАРИ ЗАМОНАВИЙ, КЎРКАМ БОҒЧА ВА МАКТАБЛАРДА ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ ОЛИШИНИ ИСТАЙДИ. АНА ШУ ХОҲИШ ВА ИСТАКЛАР ИНОБАТГА ОЛИНИБ, ЮРТИМИЗДА БОСҚИЧМА-БОСҚИЧ “ОБОД ҚИШЛОҚ” ВА “ОБОД МАҲАЛЛА” ДАСТУРЛАРИ АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА.
Аҳоли фаровонлиги ҳамда турмуш даражасини юксалтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан туманимизда ҳам Янгиқадам ва Қум МФЙларда дастур амалга оширилмоқда. Ушбу икки қишлоқда жами 1208 та хонадонда 6987 нафар аҳоли истиқомат қилади. 2021 йилда давлат дастури доирасида 16,360 млн сўм маблағ ўзлаштирилиши кўзда тутилган. “Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш учун қишлоқлар қандай мезонлар асосида танлаб олинади? Бу қишлоқларни обод масканга айлантириш туман мутасаддиларининг хоҳиши билан амалга ошадими ёки махсус комиссия танлаган ҳудудлар дастурга киритиладими? Шу саволларга туман ҳокими Б.Ибрагимов қуйидагича жавоб берди:- Халқимизда кенгашли тўй тарқамас, деган нақл бор. Биз ҳам туман фаоллари билан кенгашиб, энг оғир ҳудудларда қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишларини олиб боришни режалаштириб, республика махсус комиссиясига тумандаги 6 та ҳудудни тавсия этдик. Махсус комиссия энг чекка ҳудудлардан ҳисобланган Қум ва Янгиқадам МФЙларни танлади. Қум МФЙ Данғара тумани билан чегарадош. Янгиқадам эса Буюк ипак йўли ёқасида жойлашган, қўшни Наманган вилоятининг Поп тумани билан чегарадош. -Туманимизда “Обод қишлоқ” дастури доирасида Янгиқадам МФЙда 5,1 км. йўл асфальт қилиниши, 1 км эса шағалланиши керак. Қум МФЙда 4,3 км. асфальт қилиниши керак. 1,6 км. йўлга шағал ётқизиш режалаштирилган. Бу ишлар учун 3,863 млн. сўм ажратилган. Шу кунгача Янгиқадамда 6,5 км. Қум қишлоқда 1,380 км. йўл шағаллаштирилди, - дейди туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Саиджон Хизиров. Ичимлик суви бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири. Сир эмаски, баъзи чекка ҳудудларда ичимлик суви муаммоси ҳар йили ёз ойларида биринчи бўлиб тилга олинадиган масала. Худди шу масалага ечим топиш мақсадида давлат дастурига ичимлик суви тармоғи тортиш киритилган. Жами 18,1 км. масофага ичимлик суви тортиш 2 та ичимлик суви қудуғи қазиш ишлари режалаштирилган бўлиб, шу кунгача Янгиқадам ҳудудида 11 км.сув қувурлари учун траншея қазиш, 10,6 км. тармоқ ётқизиш ҳамда 50 та қудуқ ўрнатиш ишлари бажарилди. Бугунги кунда Янгиқадам МФЙнинг Мустақиллик кўчасида ичимлик суви қудуғи қазилмоқда. -Қишлоғимиз Наманган вилояти билан чегарадош туманимизнинг энг чекка ҳудуди ҳисобланади, - дейди биз билан суҳбатда Янгиқадам МФЙ раиси Олимжон Файзуллаев. -Чекка ҳудуд бўлганлиги учун тўғриси бу ҳудуд аҳолиси яқин-яқингача ҳам ичимлик суви, электр таъминотидаги узилишлардан азият чекарди. 553 та хонадонда 3544 нафар аҳоли истиқомат қилади. 34-мактаб, 32-боғча, битта оилавий поликлиника аҳолига хизмат кўрсатади. Мана қишлоғимиз дастурга тушганидан сўнг шу кунгача ичимлик суви учун тармоқ ётқизилди. 1,5 км.га электр линияси тортилди. Битта трансформатор ҳамда 42 та таянч устунлар ўрнатилди. Ҳозирги кунда йўллар асфальтланиб, мактаб ва боғча таъмирланмоқда. Бу ерда олиб борилаётган ишларни назорат қилиш мақсадида вилоят прокурорининг штаби ҳам ташкил этилган. Бугунги кунда ҳаётимизни интернет ва телефонсиз тасаввур қилиш қийин. Яқин-яқингача ҳам Янгиқадамда барча уяли алоқа воситаларининг антеннаси чиқмас, алоқа сифати ўта паст эди. Дастурда 20 км. узунликдаги алоқа тармоқларини қуриш ва таъмирлаш кўзда тутилган. Ҳозирги кунда Қум қишлоғи ҳудудидаги 28-мактабни юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш мақсадида оптик толали алоқа кабели тортилди. Янгиқадамдаги 34-мактаб ҳамда 32-ДМТТни юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш мақсадида “uzmobile” база станциясидан оптик толали алоқа кабели тортилди. Ҳудудларда табиий газ тармоғи мавжуд эмас. Шу сабабли эҳтиёжманд хонадонларга суюлтирилган газ баллонлари тарқатиш режалаштирилган эди. 56 дона газ баллони аҳолига тарқатилди, жумладан Янгиқадам МФЙда истиқомат қилувчи 34 хонадонга ва Қум МФЙда истиқомат қилувчи 22 хонадонга газ баллонлари тарқатиш учун 17,9 млн.сўм сарфланди. “Обод қишлоқ” давлат дастури 6 ойга мўлжалланган бўлиб, барча режалаштирилган қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари октябрь ойида ниҳоясига етиши керак. Шу ўринда яна бир мулоҳазани айтиб ўтмасак бўлмайди. Худди шундай дастур 2018-2019 йилларда ҳам амалга оширилган. Ўшанда Қўнғирот, Беглар, Яшнаробод, Маслаҳат МФЙларда 11862, 0 млн. сўмлик ишлар бажарилиши режалаштирилган эди. Ўрганишларимиз шуни кўрсатдики, бу ҳудудларда ишлар чала қолган. Ажратилган маблағ тўлиқ сарфланадими, бу маблағларнинг сарфланиши шаффоф бўляптими, қишлоқ аҳолисининг бу ишга қўшаётган ҳиссаси қандай бўлмоқда каби саволларимизга келгуси суриштирувларимизда жавоб оламиз.
Шарифа МАДРАҲИМОВА, журналист.