Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Iyun 2021 >>
DUSECHPAJUSHYA
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930    

Ishonch telefoni statistikasi

ПИЛЛАЧИЛИК СЕРДАРОМАД СОҲАМИ?

×

 2021-05-11 14:51:28    62

PDF yuklash
Chop etish


ИПАКЧИЛИК ҚАДИМДАН ТАРАҚҚИЙ ЭТГАН СОҲАЛАРДАН ҲИСОБЛАНИБ, ТЎҚИМАЧИЛИК САНОАТИ ВА ХАЛҚ ХЎЖАЛИГИНИ ТАБИИЙ ИПАК ХОМ-АШЁСИ БИЛАН ТАЪМИНЛАЙДИ. ТАБИИЙ ИПАК ПИШИҚЛИГИ, ЧЎЗИЛУВЧАНЛИГИ, ЧИДАМЛИЛИГИ, КЎРКАМЛИГИ, ЕНГИЛ ВА НАФИСЛИГИ, ҲАВО ЎТКАЗУВЧАНЛИГИ БИЛАН БОШҚА ГАЗЛАМАЛАРДАН ВА СУНЪИЙ ТОЛАЛАРДАН УСТУН ТУРАДИ. ШУНИНГ УЧУН ҲАМ ТАБИИЙ ИПАКДАН ХАЛҚ ХЎЖАЛИГИНИ ТУРЛИ СОҲАЛАРИДА, ЖУМЛАДАН: РАДИО-ТЕХНИКА, ТАБОБАТ, КОСМОНАВТИКА, АВИАЦИЯ, АЛОҚА, ТЎҚИМАЧИЛИК ВА БОШҚАЛАРДА КЕНГ ФОЙДАЛАНИЛАДИ. ИҚЛИМ ШАРОИТИ ИПАК ҚУРТИНИ БОҚИШГА МОСЛАШГАН МИНТАҚАЛАРДА ИПАКЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ, МЎЛ-КЎЛ ВА СИФАТЛИ ПИЛЛА ЕТИШТИРИШ БОРАСИДА ЧОРА-ТАДБИРЛАР  ИШЛАБ ЧИҚИЛМОҚДА. ХОРИЖИЙ МАМЛАКАТЛАРНИНГ НАВЛИ ПИЛЛА МИҚДОРИ 93-95 ФОИЗНИ ТАШКИЛ ЭТСА, БИЗНИНГ РЕСПУБЛИКАМИЗДА 82-85 ФОИЗНИ ТАШКИЛ ЭТАДИ. ХОРИЖИЙ МАМЛАКАТЛАРДА (ХИТОЙ, ҲИНДИСТОН, ЯПОНИЯ, КОРЕЯ, БРАЗИЛИЯ В.Б.) 1 ГРАММ ҚУРТИДАН 3,5-4 КГ. ПИЛЛА ОЛИНАДИ,  ЎЗБЕКИСТОНДА ЭСА БУ КЎРСАТКИЧ 2,5-2,6 КГ.НИ ТАШКИЛ ЭТАДИ.

Давлат ва ҳукуматнинг эътибори туфайли кейинги тўрт йилда пиллачилик соҳаси жадал ривожланмоқда. Мазкур йўналишдаги корхоналар 2017 йилдан бошлаб 2023 йил 1 январгача ягона солиқ, ягона ижтимоий тўловдан озод қилинган.

Ипак қурти етиштирувчилар жисмоний шахсларга ҳисобланадиган даромад солиғини тўламайди, бир ой ипак қурти боққани учун бир йиллик меҳнат стажи ёзилади. Пиллачиликда ҳам ғаллачилик ва пахтачиликда бўлгани каби кластер усули қўлланиляпти.

Маълумотларга қарайдиган бўлсак, 2020 йилда 76,5 миллион долларлик ипак маҳсулотлари экспорт қилинди. Ўтган йилнинг 4 мавсумида 403,5 минг қути ипак қурти парваришланиб, 21,4 минг тонна ипак хомашёси етиштирилди. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги корхоналар сони 91 тага етказилди. Шундан 11 таси хорижий инвестициялар иштирокидаги қўшма корхонадир.

Ипак қурти боқишнинг биринчи мавсуми бошланди. Туманда мавсум қандай давом этмоқда?

- Биринчи мавсумда 118 тонна пилла етиштириш режалаштирилган, - дейди “Бувайдаагропилла” МЧЖ раҳбари Доно Сатимова. Бунинг учун барча тайёргарликлар ўтган йилданоқ бошланган. Ҳозирги кунда 2102 қути ипак қурти 1760 та хонадонда, 1807 қути фермерлар билан ҳамкорликда парваришланмоқда. 54 та марказлашган жойда эса 542 қути маҳаллий навдаги ипак қурти етиштирилмоқда.

Президентнинг 2020 йил 17 январдаги ПҚ- 4567-сонли “Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарорига асосан туманда 80 гектар ерда 24 та тут плантациялари ташкил этилган.

Барча ипак қурти боқувчилар билан бувайдалик пиллакорлар етиштирган пиллани “Водил ипак йигирув”шўъба корхонасига топшириш бўйича шартномалар қилинган.

Ҳар бир қурт боқувчига вилоят ҳокимининг тегишли қарорига асосан 200 минг сўмдан аванс берилди. 1 кг пилла учун қурт боққан одам 22400 сўм ҳақ олади.

Туманнинг Оқтепа қишлоғида яшовчи Моҳира Қўшоқова ҳам бир қути ипак қурти парваришламоқда.

- Оиламизда 14 киши яшайди, - дейди Моҳиранинг қайнонаси Ойшахон Қўшоқова. Икки келиним, икки ўғлим, 9-синф ўқийдиган неварам билан эрталаб соат 5 да барг олгани кетамиз.

 Охирги ўн кунликда қурт жуда кўп барг ейди. Бир прицеп,яъни 32 боғ тут баргидан 15-16 боғ озуқабоп барг чиқади. Қолган шох ўтинликка ярайди холос. Қурт бир хил ҳароратда яшаши керак. Бунинг учун уйга печка ёқамиз. Қурт бир мавсумда тўрт марта бир суткадан ухлайди. Ўша кунлари дам олиш имкониятимиз бўлади. Аммо тўртинчи ёшида 2 сутка ухлайди, бунда ипак ўраши учун даста боғлаймиз. Бунинг учун баргдан қолган ғонлар беш-олтитадан қилиб боғланади. Яна тол ва қайрағоч шохлари қуритилади. Супурги ҳам қўйилади. Шунда жами қурт боқиш учун қилинган ҳаракат пилла пулининг ярмини ташкил қилади. Ҳозирча битта хонада боқяпмиз. Иккинчи уйқусидан кейин яна бир хонага ёки оғилга ярмини кўчирамиз. Бўлмаса катта бўлган қуртлар сиқилишиб, пилла ўраши қийин бўлади. Пилласи ҳам сифатли чиқмайди.  Қурт боқилган уйни таъмирламай, у ерда яшаб бўлмайди. Битта уйни фақат оқлаш учун камида 300-500 минг сўм яна харажат қиламиз.

Ўтган йили ҳам пилла етиштирганмиз. 72 кг. пилла топширганмиз. Бир кг.пилла учун 22 минг сўмдан ҳақ олганмиз. Жами даромадимиз бир миллион беш юзу саксон тўрт минг сўм бўлган. Ўзингиз кўриб турганингиздек унинг ярми уйни қайта таъмирлашга, барг олиб келиш учун транспорт харажатига кетиб қолган. Кўпчилик мендан “нега қурт боқасизлар, пули жуда камку, бир ой қийналиб меҳнат қилганингизга арзимайди” деб сўрайди. Оиламизда  чол-кампиримиз бор. Иккита келин, ўзимиз, неваралар қишда камида бешта уйда печка ёқамиз. Баргдан қолган шох-шаббалар ёнига озроқ кўмир олсак, қишдан чиқамиз. Бизга ўтини фойда бўлади.

Ўтган 2020 йилда кам таъминланган, “Темир дафтар”га киритилган оилалар ҳам ипак қурти тутган эди. Аммо уларга бир ой қурт тутгани учун ваъда қилинган 700 минг сўм пул берилмаган. Ўтган йили қурт тутган, ваъда қилинган пулни ололмаган аёл билан ҳам суҳбатлашдик.

- Бизнинг оиламиз “Темир дафтар”да туради. Турмуш ўртоғим Тошкент, Фарғона каби шаҳарларга бориб устачилик қилиб келади. Ўтган йили карантин бўлганлиги сабабли эрим ҳам ишсиз қолди. Шунда бир қути ипак қурти олдик. Ўзи иккитагина хонада яшаймиз. Ўша хоналарни қурт учун бўшатиб, ўзимиз ҳовлидаги айвончада бир ой  яшадик. Аммо бизга ваъда қилинган 700 минг сўм берилмади. Бу йил эса ўтган йилги қийналганимиз учун қурт олмадик. Хўжайиним ҳам йўллар очилиб, карантин юмшатилганлиги учун четга ишлашга кетди., - деди оқтепалик Дилфузахон.

Тепалик МФЙ ҳудудида “Набижон Мусламахон”, “Афрузбек -Хилолахон” фермер хўжаликлари фаолият юритади. МФЙ раисининг ўринбосари Муҳайё Пўлатованинг айтишича, “Набижон - Муслимахон” фермер хўжалиги номидаги 9 қути ипак қуртини қишлоқдаги 9 хонадон парваришламоқда. Аммо қурт тутаётган оилалар орасида “Темир дафтар”га, “Аёллар дафтари”га киритилган хонадонлар йўқ.

Маҳмуда Мамадалиева билан ҳам бир қути ипак қурти боқиш учун шартнома тузилган. 1 кг.пилла учун 22 мингдан сўмдан берилиши айтилган.

- Келиним ҳеч қаерда ишламагани учун бир йиллик меҳнат стажи ёзилади дейишди. Шунинг учун “Набижон-Муслимахон” фермер хўжалиги учун ажратилган ипак қуртини боқяпмиз, - дейди Тепалик қишлоғида яшовчи Маҳмудахоннинг қайнонаси Зайнабхон Мамадалиева. Яқин йиллар ичида энди биринчи марта қурт тутишимиз. Аммо бундан 10 йиллар аввал узлуксиз  30 йил қурт боққанман.  Болалигимизданоқ пилла етиштириб катта бўлганмиз. Ҳозир қурт иккинчи уйқусидан турди. Озуқага қийналганимиз йўқ. Қўшниларимизнинг тут баргини оляпмиз. Ўтган йили қўшнимиз барг бериш эвазига фермердан 10 та сомон пресс олган экан. Бу йил ҳам фермер шундай қилса керак. Уйимиз янги қурилган. Ҳозирча битта уйда боқяпмиз. Яна бир марта ухлаб тургандан кейин яна битта уйга кўчирамиз. Фермер қурт боққанимиз учун бир қоп ун, 5 литр пахта ёғи бериши керак эди. Яна 200 минг сўм аванс ҳам берилади дейишганди. Аммо ҳали пул ҳам, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам берилгани йўқ. Пилла боқишнинг учинчи ўн кунлиги катта даҳа дейилади. Ана шу пайтда ишчи кучи ҳам кўп керак бўлади. Тут баргини ҳам транспортда олиб келамиз.

Туманда 24 та тут плантацияси бор. Бу плантация раҳбарлари қурт боқиш ҳақида қандай фикрда? Тут плантацияси раҳбарлари  ердан яна қандай мақсадларда фойдаланишади?  Тут қаторларига яна қандай экинлар экиш ва қанча даромад қилиш мумкин? Бу мавсумда берилган ваъдалар бажариладими? Етиштирилган пилла хомашёси туманнинг ўзида қайта ишланадими? Бунинг учун имкониятлар борми? Шу йилнинг 26 апрель куни ипак қурти тарқатилган. Қурт боқувчилар 26 апрелгача тиним билмай меҳнат қиладилар. Бир ойлик даромад қанча бўлади, харажатчи?

Юқоридаги саволларга жавоб топиш учун мавзуга яна қайтамиз.

Шарифа МАДРАҲИМОВА,

“Бувайда кўзгуси” мухбири.