Shrift o'lchami Rang Rasm

<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Ishonch telefoni statistikasi

БОҒЧАЛАРГА ТАЪМИНОТЧИ КЕРАКМИ?

×

 2021-03-05 10:39:23    342

PDF yuklash
Chop etish


Биз кўпинча оналардан “Болам, боғчадан оч келади, уйга киради-ю,   нон ё овқат сўрайди, ёки аксинча “Боламнинг боғчасида жуда яхши овқатлантиришади, негадир уйга келиб ҳеч нарса емайди, бирор нимани еб ол десак, боғчада еганман дея жавоб беради”, деган гапларни эшитиб қоламиз.

Мактабгача таълим ташкилотларидаги озиқ-овқат таъминоти ҳамма даврларда ҳам долзарб масала бўлиб келган. Хўш, боғчаларга таъминотчилар керакми? Улар озиқ-овқат маҳсулотларини ўзлари ишлаб чиқарадиларми? Давлат бюджетидан ажратилган пуллар ҳақиқатдан ҳам болалар озиқ-овқати учун ишлатиладими? Бу тизимни шаффофлаштириш, ажратилган маблағларнинг тўла-тўкис озиқ-овқатга сарфланиши учун нима қилиш керак?

Давлат бюджетидан ҳар йили болалар боғчалари учун маълум миқдорда маблағ ажратилади. Маблағларнинг тўғри ва мақсадли сарфланиши эса туман молия ва мактабгача таълим бўлимлари зиммасига юкланади.

Баъзида “боғчада овқатга гўшт солинмас экан”, “маҳсулотлари сифатсиз”, “таъминотчи биз айтган озиқ-овқатларни олиб келиб бермайди”, деган гапларни эшитиб қоламиз. Туманимизда нечта мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритади, уларнинг таъминотчилари кимлар, таъминотчилар қандай танлаб олинади каби саволларга жавоб топиш мақсадида  туман молия бўлими бошлиғи ўринбосари Азизбек Тожибоев билан боғландик.

-Бувайда туманида бугунги кунда 38 та давлат ва 61 та нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда. Давлат мактабгача таълим муассасаларини жорий йилда сақлаш харажатлари учун давлат бюджетидан 32 523,0 млн. сўм маблағ ажратилган. Мазкур маблағнинг 11 950,5 млн. сўми туман маҳаллий бюджетидан қопланиши кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2014 йил 15 декабрда 2634-сон билан рўйхатдан ўтган, Молия вазирининг 2014 йил 14 ноябрдаги 74-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаси ва штат жадвалларини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3-бандига асосан туман мактабгача таълим бўлими томонидан бу маблағлар мустақил равишда тузилиб, молия бўлимига рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилади.

Мазкур режалаштирилаётган маблағлар тумандаги 38 та МТМнинг жами 268 та гуруҳида тарбияланаётган 6120 нафар болага нисбатан кўрилганда, бир нафар болага ўртача 6,2 млн. сўмга тўғри келади, - дейди суҳбатдошимиз. 

-Туманда “Давр зиё юксалиш”, “Туман омад савдо барака” , “Ҳалол гўшт”, “Элбек Ойбек барака таъминот” МЧЖлар,  “Ягона асил савдо харид”, “Аср барокат”,  “Феруза”,  “Инновацион ривожлантириш” хусусий корхоналари, “Чинобод асил дизайн” оилавий корхонаси, “Водий фуд -2020”,  “Ойбек Азизбек чорва” фермер хўжаликлари,  “Чорвадор”   агрофирмалари билан боғчаларга озиқ-овқат етказиб бериш бўйича шартномалар тузилади, - дейди туман мактабгача таълим бўлими бош ҳисобчиси Дониёржон Собуров. Таъминотчилар учун туман молия бўлимидан (ҳар ойда ) 700 000 000 сўм ажратилади. Ушбу маблағнинг юз фоизи таъминотчида қолади.

Шунда бир болага фақат озиқ-овқатга 182000 сўм сарфланади. Молия бўлимидан бу мақсадлар учун 115 минг сўм ажратилади, қолган 67 минг сўм маблағ ота-оналар бадал пулидан қопланади.

-Нимага тендер ўтказиш ҳақидаги эълон ҳеч қаерда чоп этилмайди, таъминотчилар ёпиқ тендер орқали танлаб олинадими ёки тендер очиқ ўтказиладими?

- Биз тендер ҳақидаги эълонни давлат харидлари порталига скайнер қилиб жойлаймиз, - дейди Дониёржон Собуров. - Ҳозирги кунда “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга кўра, боғчалар ўзи тўғридан-тўғри таъминотчи билан шартнома туза олмайди. Фақатгина нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари ўзи истаган таъминотчи билан шартнома тузиши мумкин.  

Таъминотчилар ҳар ойнинг 5 кунигача танлов орқали аниқланади.    Ғолиб чиққан иштирокчи шартномада кўрсатилган озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришни ўз зиммасига олади. Етказиб берувчилар томонидан тендер комиссиясига тижорат таклифлари тақдим этилади.

Дониёржон Собуровнинг айтишича, таъминотчилар фаолияти шаффоф. Уларнинг ишлаб чиқарадиган цехлари, корхоналари бор. 

Яна бир янгилик шуки, гўштга бўлган талабни қондириш мақсадида туман боғчаларига Украина давлатидан гўшт олиб келинмоқда.

- Вилоят ҳокими ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаевнинг  2020 йилнинг 23 октябрида ўтказган “Фарғона вилоятида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолига гўшт маҳсулотларини арзон нархда етказиб бериш мақсадида вилоятга Украинда давлатидан импорт гўшт олиб келиш айтиб ўтилган эди.

“Vodiy food -2020” МЧЖ Бувайда туманига 2020 йилнинг ноябрь ойидан 2021 йилнинг апрелигача Украинадан гўшт етказиб беришни зиммасига олган. “Vodiy food -2020” МЧЖ раҳбари Жамшид Ғоппоров билан телефон орқали боғланиб, саволларимизга жавоб олдик.

- Ҳақиқатдан ҳам биз ноябрь ойидан апрелгача Украина давлатидан гўшт олиб келиб, уни ижтимоий соҳа объектларига етказишимиз керак эди. Аммо ноябрь-декабрь ойларида бу ишга улгура олмадик. Боғчаларга гўшт маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тарқатилди. Январь ойида режага кўра, 7, 9 тонна гўштни 1 кг.ни 48 минг сўмдан  етказиб беришимиз керак эди. Уни ҳам ярмини етказдик. Февраль ойи учун ҳали шартнома тузмадик, - дейди импортёр. 

“Давр зиё юксалиш” МЧЖ тумандаги 15 та боғчага 35 хил маҳсулот етказиб берадиган энг катта таъминотчилардан бири. МЧЖнинг сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган цехи, гўшт ва гўшт маҳсулотлари етиштирадиган чорва комплекси, гуруч ва дуккаклилар етиштирадиган экин майдони, ун ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхонаси мавжуд эмас.

- Бир ойда ўртача 200-250 миллион сўмлик маҳсулотни боғчаларга етказиб берамиз,  - дейди  телефон орқали мулоқотда МЧЖ таъминотчиси Ҳусан Ғуломов. – Тўғри, биз тарқатаётган маҳсулотларимизнинг ҳеч бирини ишлаб чиқармаймиз. Уларни бошқа ишлаб чиқарувчилардан шартнома асосида   сотиб оламиз. Маҳсулотларни боғчаларга етказиб бериш асносида бир ойда ўртача 7-8 фоиз фойда кўрамиз. Вақтида солиқларни тўлаймиз, -дейди Ҳусанжон Ғуломов.

Тумандаги энг катта боғчалардан бири 6-ДМТТ ҳисобланади. Бу ерда 300 дан ортиқ бола тарбияланади. Боғчанинг таъминотчиси “Ягона асил савдо харид” хусусий корхонаси ҳисобланади. Боғча раҳбари Севара Қурбоновадан таъминотчилар фаолияти ҳақида сўрадик.

- Ҳозирча таъминотчимиздан шикоятим йўқ, - дейди мудира. - Таъминотчиларнинг ҳалол ишлаши, аввало, боғча раҳбарига боғлиқ. Мудира боғчага келадиган озиқ-овқат маҳсулотларини ҳамшира билан кўздан кечириб, сифатсизларини қайтариб юбориш ҳуқуқига эга. Чунки болалар энг сифатли маҳсулотларни истеъмол қилиши керак. Ҳозирги кунда Украина давлатидан келтирилган музлатилган гўшт тарқатишяпти. Таклифим: таъминотчилар ўзининг товуқчилик, чорвачилик фермаси, сут ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхонаси борлар орасидан танланиши керак.

Суриштиришлар натижасида маълум бўлдики, туман молия бўлимидан ажратиладиган маблағларнинг маълум қисми фақатгина “ўртакаш” таъминотчилар чўнтагига тушар экан? Ишлаб чиқарувчининг ўзи билан тўғридан-тўғри шартнома тузса кўпроқ фойда эмасми?!

Шарифа МАДРАҲИМОВА, журналист.