Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38
ИЗЛАНГАНГА ТОЛЕ ЁР
2020-08-05 11:13:36 404
Шавкатжон Комилов тадбиркорлик фаолиятини 1997 йилда савдо соҳасида тайёр маҳсулот - читрўмол, бўз, дока олиб келиб сотишдан бошлаган эди. Кейинчалик у ишлаб чиқариш соҳасида ҳам ўзини синаб кўриш мақсадида замонавий дастгоҳлар келтириб, оқ сурп, бўз, дока матоларини ишлаб чиқара бошлади. Қишлоқ аёлларини иш билан таъминлади.
Бугунги кунда “Имрон текс” номи остида фаолият юритаётган корхонада 18 та тўқув дастгоҳида 24 нафар ишчи меҳнат қилмоқда.
- Асосан ички бозорга маҳсулот ишлаб чиқарамиз, - дейди биз билан суҳбатда Шавкатжон Комилов. - Тайёр маҳсулотни олиб келиб сотиш бошқа, ўша маҳсулотни ўзингиз ишлаб чиқарганингиз иш бутунлай бошқа нарса экан. Мана бугун ҳам Хитойдан 5 та тўқув дастгоҳини келтирдик. Яна битта ип ўрайдиган аппарат ҳам олиб келдик.
Август ойидан бошлаб ишчиларимиз сонини 40 нафарга етказиш ниятидамиз.
Бу корхонада тўқилган матодан турли кийим-кечаклар тикиш ҳам йўлга қўйилганлиги қувонарли. Ҳозирги кунда 15 нафар хотин-қиз эркаклар уст-боши, болалар учун ёзги кийимлар, аёллар кўйлаги тикиш билан банд.
- Уч йилдан буён шу корхонада меҳнат қиламан, - дейди Маъмура Алишерова.- Биз талабга қараб маҳсулот ишлаб чиқарамиз. Ҳозирги кунда эркаклар учун кийим-кечак тикяпмиз. Матоси ҳам ўзимизнинг корхонада тўқилган. Бу ерда шароитлар яхши, тушлик корхона ҳисобидан. Тиккан маҳсулотимизга яраша ҳақ тўланади. Шунинг учун қанча кўп меҳнат қилсак, шунча кўп пул оламиз, деган мақсадда ишлаймиз.
Тадбиркор корхона фаолиятини кенгайтириб, келгусида момиқ сочиқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳаракатида изланмоқда.
Суратда: Тикувчи Маъмура Алишеровна ва шогирди Гулсора Эргашева.