Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38
Бувайда тумани ҳокими Беҳзоджон Иборагимовнинг туман аҳолисига МУРОЖААТИ
2020-02-19 15:51:37 574
Ҳурматли ҳамюртлар !
Республикамизнинг барча жойида бўлганидек Бувайда тумани аҳолиси ҳам бу йилги кўкламни ўзгача шукуҳ ва кўтаринки руҳда кутиб олмоқдалар. Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев бошчилигида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тинчлик-фаровонлик, ҳаётдан рози бўлиб яшаш ва эртанги кунга бўлган ишонч туйғулари халқимизни янада руҳлантирмоқда.
Юртбошимизнинг яқинда мамлакат Парламентига қилган Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар, аҳоли турмуш тарзини янада юкcfлатириш, инсон омилига эътиборни кучайтириш, жисмонан ва маънан покланишга қаратилган мақсад ва режалар бағоят қувончлидир.
Ушбу кунларда яшариш ва яшнатиш фасли ҳисобланган баҳорни покиза ният ва озодалик билан қаршилаш айни мақсадимиз бўлмоғи керак. Туман ҳокимлиги, мутасадди идоралар, жамоат ташкилотлари ва муассасалар раҳбарларидан бу борада изчил ва тизимли иш олиб бориш, аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларини кучайтириш талаб этилади. Мана шулардан келиб чиқиб, туманимизнинг барча аҳолисига мурожаат қилмоқчиман:
Қадрли тумандошлар !
Азалдан халқимиз саронжом-саришталикни ўрнига қўйган, юксак дид ва фаросатли бўлган. Дуч келган жойга, айниқса, оқар сувга ахлат ташлашни гуноҳ деб билган. Тозаликни ҳар қандай шароитда ўз уйи остонасидан, хонадонидан бошлаган. Баҳор келиши биланоқ дарахтларни буташ, шакл бериш, гул ва кўчатлар экишга алоҳида эътибор қаратилган.
Биз ана шундай тозаликка қатъий риоя қилган, яшнатиш, яратиш, ободонлаштириш доимий азму қарори бўлган халқ фарзандларимиз. Шундай экан тозаликка эътибор қилиш, ободонлаштириш ишларини ўз вақтида амалга ошириш баробарида фарзандларимизга тозалик ҳақида тарбия ва кўникма бериш ҳар биримизнинг муҳим бурчимиз бўлмоғи керак.
Туман ободонлаштириш бўлими, “Тоза ҳудуд” ДУК туман ташкилоти ва бошқа мутасадди идора раҳбар ва ходимлари!
Қиш давомида эътибордан четда қолган жойлар, ахлат ва чиқинди уюмларини барча техника ва кучларни сафарбар этган ҳолда бир ҳафта муддат ичида олиб чиқилиши, аҳоли томонидан сунъий равишда ахлатхона ва уюмлар ҳосил қилинишининг олдини олиш чора-тадбирларини белгилаш шу куннинг муҳим вазифаларидан биридир.
Қурилиш-таъмир ва ободонлаштириш ташкилотлари мутасаддилари!
Туманимизда бошланган ва давом этаётган ободонлаштириш, янги ва замонавий иморатлар қуриш, асосий ва ички йўллар, кўчаларни тартибга келтириш ишларида бирдам бўлайлик! Туман маркази кўчаларида ташкилланган кўча чироқлари тунги пайтларда кўчаларимизни чароғон ва нурафшон бўлишини таъминламоқда. Чекка қишлоқларга ҳам мана шундай хайрли ташаббусларни кенг ёяйлик!
Деҳон ва фермер хўжаликларининг раҳбарлари!
Ҳудудимиздаги ер майдонларини экин қолдиқлари ва хас-хашаклардан тозалаб, янги экин-тикин мавсумига тайёрлашга бор куч ва имкониятларни ишга солайлик. Йўл бўйларидаги дарахтларни буташ, оқлаш, ариқ-зовурларни қазиш учун фермер хўжалиги аъзоларини кенг сафарбар этайлик!
Маҳалла фуқаролар йиғини раислари, маҳалла фаоллари !
Ҳар бир маҳалла, кўча ва хонадонларда кенг кўламли тозалаш ишларини амалга ошириш, қиш давридаги ёғингарчиликлар оқибатида кўримсиз ҳолга келиб қолган девор ва томларни тартибга келтириш, оқлаш, безатиш учун ҳашарлар уюштириб, аҳолини сафарбар этайлик.
“Энг тоза маҳалла, кўча, хонадон” каби танловларда ўз маҳалламиз, ўз кўчамиз, ўз хонадонимиз шаънини муносиб ҳимоя қилайлик.
Умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ва бошқа ўқув-тарбия муассасалари ўқувчи ва тарбияланувчилари онгига соғлом турмуш тарзи, озодалик ва покиза ҳаёт учун кураш кўникмаларини дарс ва ўқув-тарбия жараёнлари ва тадбирлар давомида кенг сингдирайлик!
Сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, барча даражадаги депутатлар омма орасида ўтказилаётган тадбирларни кўпроқ тозалик ва соғлом турмуш тарзи масалаларига қаратсинлар.
“Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да зиммангизга юклатилган вазифаларни муваффақиятли амалга оширишда ҳаммаларингизга куч-қувват ва омадлар тилайман.
Юртимиз бундан-да обод ва озод, тинч ва фаровон бўлсин!