Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38
ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ТУМАНИМИЗ ЁШЛАРИ БИЛАН УЧРАШДИ
2020-01-08 13:49:16 546
Мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 27 декабрь куни Тошкент шаҳрида ёшлар билан ўтказган учрашувида билдирилган мулоҳазалар бугун барчанинг диққат марказида бўлиб турибди. Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг бу галги ёшлар билан учрашувига нафақат Бувайда туман мутасадди идоралар раҳбарлари балки вилоятимизнинг барча бўлим ва бошқармалари, ҳуқуқ тартибот идоралари раҳбарларидан тортиб халқ шоирлари, “Ўзбекистон қаҳрамони”, олий таълим муассасалари ректорлари, давлат мукофоти совриндорлари, кўпни кўрган нуронийлар ҳам келиб қўшилдилар. Тўғрида ҳамжиҳатлик, бирдамлик бор жойда файз бўлади, янги-янги режалар ва эзгу ниятларга йўл очилади.
-Ҳеч кимга сир эмас Бувайда тумани азиз авлиёлар мангу қўним топган макон. Қолаверса, ҳофиз Расулқори Мамадалиев, сўз устаси Муҳиддин Дарвишев каби санъат дарғалари етишиб чиққан юрт. Бу ерда туғилиб вояга етаётган ёшлар ҳам жамиятимизнинг олтин заҳираси, ҳар тамонлама етук инсонлар бўлиб камолга етишишларига ишончим комил. Оққўрғонлик Жасурбек Имомовнинг жаҳон олимпиадаси саралаш босқичида 2-ўринни эгаллаб қайтгани фикримизнинг исботидир,-деди вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев.-Бугунги учрашув дилдан суҳбат, юзма-юз мулоқот, ҳар бир билдирилган фикр ва таклифлар сизнинг эртанги кунингизга қўйилган пойдевор бўлиши зарур.
Бундай самимият бувайдалик ёшларни руҳлантириб юборди.
- Китоб инсон фикрини чархлайди.У билан дўст тутинган инсон ҳаётда асло кам бўлмайди. Туманимиз марказида кутубхона йўқ. Бизга Миллий банк Бувайда филиалининг бўшаб қолган биносига кутубхона ташкил қилишда ёрдам берсангиз,-дея вилоят ҳокимига мурожаат қилди ёш китобхон Моҳигул Ҳамидова.
Ушбу сўров ўз ўрнида ечимини топди. Миллий банк Бувайда филиалининг бўшаб қолган биносида марказий кутубхона ташкил этилиб, вилоят ҳокимлиги томонидан 50 мингта китоб совға қилинадиган бўлди.
- Туманимизнинг Бачқир қишлоғида илгари БЎСМ бор эди. Унда 500 нафарга яқин ёшлар спорт билан шуғулланарди. Агар иложи бўлса Бачқир МФЙда спорт комплекси ташкил этилса ёшлар учун айни муддао бўларди,-деди Ўзбекистон чемпиони Исмоилжон Шодмонов.
Вилоят ва туман ҳокимлари бу ташаббусни қўллаб-қувватладилар.
Учрашув чоғида Бувайда педагогика коллежининг МТМ бўлимига бриктирилган бўш турган биносига инглиз тилига ихтисослаштирилган ҳусусий мактабгача таълим муассасаси ташкил этилишини таклиф этган Мафтуна Тошболтазоданинг таклифи ҳам вилоят ҳокими томонидан қўллаб қувватланди.
-Туманимиздаги маданият марказининг ташқи кўринишини замонавий ва кўркам, ёшларни санъат билан мунтазам шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиб берилса мақсадга мувофиқ бўларди, -деди ёшлар фаоли Гулрухсор Мансурова.
Вилоят ҳокими бу ташаббусни ҳам маъқуллаб, вилоят бюджетидан 1 милярд сўм маблағ ажратилишини билдирди.
Ёш тадбиркор Абдулазиз Акбаровнинг ҳудуддаги ёшларни иш билан таминлаш мақсадида “Ёшлар меҳнат гузари” қуриш учун ер майдони ажратилишида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам вилоят ҳокими томонидан қаноатлантирилди.
Лайло Сотиболдиева томонидан тумандаги автобус бекатларига Электрон кутубхоналарни ташкил этиш таклифи билдирилди. Ушбу лойиҳа вилоятнинг биринчи раҳбари томонидан қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, учрашувда тумандаги “Нуронийлар боғи”ни ободонлаштириш, туманда туғилиб вояга етган марҳум шоир Аъзам Ўктамнинг 60 йиллиги муносабати билан уй-музейи ташкил этиш каби масалалар бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Туман ёшлари томонидан билдирилган қайси йўналишдаги таклиф ва муаммолар бўлмасин, барчасига чора ва тадбирлар, молиявий манбааси ва масъул шахслар белгиланди.
Туманимиз ёшларининг вилоят ҳокими билан учрашуви ўта самимий руҳда, кўтаринки ва қизиқарли ўтди.