Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38
ТУМАНИМИЗДА ҲОСИЛ БАЙРАМИ
2019-12-11 14:54:58 537
Қишлоқ хўжалиги ходими - ҳар эрта баҳорда ерга барака уруғи қадаб, ризқ йўлини очадиган, хонадонларимиздаги тўкинлик ва файзу барака сабабчиси бўлган фидойи инсон... Қишлоқ хўжалиги ходими - қуёшнинг тиғида қорайган, қадоққўлли бободеҳқон... Қалб қўри, меҳр нури билан ердан ризқ ундирган инсон...
Бу йил туманимиз қишлоқ хўжалиги ходимлари соҳанинг барча жабҳасида улкан марраларни қўлга киритди. Хусусан, давлатимиз омборига 25,256 минг тонна ғалла, 15, 901 минг тонна пахта, 135 тонна пилла, 14 минг тонна мева-сабзавот, 4 минг тонна шоли, 2 минг тонна гўшт ва 35,4 минг тонна сут маҳсулотлари, 10 миллион дона тухум етказиб бердилар.
Бугун уларнинг ғалаба, ҳосил байрами, бугун уларнинг куни...
Янгиқўрғоннинг муҳташам ”Империал” тўйхонаси олди ҳар доимгиданда гавжум. Карнай-сурнай садолари остида кошонага бирин-кетин давлат буюртмасини ортиғи билан бажариб, туманимиз шаънини кўкларга кўтарган фермерлар, чорвадору пиллакорлар, сувчию механизаторлар, қўйингки шу соҳага дахлдор 500 нафардан зиёд соҳа ходимлари кириб келдилар. Уларнинг кайфияти ҳар доимгиданда чоғ.
Тадбирда туман ҳокими Б.Ибрагимов меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллиги, сўнгра Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан қизғин табриклади. Сўнгра туманимиз раҳбари ҳаёт синовларида тобланган мард ва матонатли фермерларга, пиллакорлар, чорвадорлар, ғаллакорлар, механизаторлар, сувчилар, агрономлар ва туманимизнинг улкан хирмонини чош этишда жонбозлик кўрсатган 250 нафар ҳамюртларимизга қимматбаҳо совғалар топширди. Айниқса, ўз маблағлари ҳисобидан мактаб қуриб берган ҳимматли тадбиркор Саидмаҳмуд Султоновга Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлигининг “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони топширилши йиғилганларни янаям тўлқинлантирди.
Вилоят ҳокими Ш.Ғаниевнинг байрамга ташриф буюриб, иштирокчилар тимсолида бутун туманимиз аҳолисини табриклаши, Президентимиз раҳнамолигида барча соҳаларда амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар халқимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганлигини, бу ўзгаришлар натижалари туманимиз аҳолиси ҳаёти ва кундалик турмушида ҳам ўзининг яққол ифодасини топаётганлигини, уларнинг ижтимоий фаоллиги, эртанги кунга ишончи тобора ўсиб бораётганлигини алоҳида таъкидлагани йиғилганларга кўтаринкилик бағишлади. Вилоят ҳокими сўзи якунида барча турдаги қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ва сифатли ҳосил етиштириб, эл-юрт фаровонлигини юксалтириш, дастурхонларимиз тўкинлигини таъминлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун тажрибали фермер Алижон АБДУРАЗЗАҚОВГА Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан таъсис этилган “Қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишонини тантанали топширди.
Шу куни туман Маданият бўлими санъаткорлари қишлоқ хўжалиги ходимлари хизматида бўлди.