Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38
Бувайда тумани ҳокими Беҳзод Ибрагимовнинг 1 октябрь-Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган БАЙРАМ ТАБРИГИ
2022-09-30 16:08:26 268
Ассалому алайкум муҳтарам устозлар!
Аввало, Сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда устоз деган шарафли номни улуғлаб келаётган туманимиздаги барча инсонларни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий табриклайман.
Бугун ушбу айёмни нишонлар эканмиз, биринчи навбатда қадрдон мактабимиз, бизга ҳарф ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз сиймоси кўз олдимизда гавдаланади. Биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз. Ҳеч қачон узиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси билан таъзим қиламиз.
Буюк бобомиз Алишер Навоий айтганларидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам олийжаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди. Ҳақиқатан ҳам, ўқувчиларини ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидойи касб эгаларидир.
Эътироф этмоқ керак, мустақиллик йилларида туманимиздан 21 нафар устоз-мураббийлар давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлди. Муқаддас Тўқсонова, Зилола Имомова, Гулчеҳра Эралиева, Холдарали Каримов шулар жумласидандир.
2022 йил давомида таълим тизимида ўз меҳнатлари билан фан олимпиадалари, “Билимлар беллашуви” ва кўрик-танловларда фаол қатнашган педагог-мураббийларимиз бор. Масалан, бу каби фидойи ўқитувчиларимизнинг меҳнати самарасида 15 нафар туманимиз ёшлари чет давлатларнинг нуфузли олийгоҳларини тугатиб, ҳозирги кунда турли
Таълим соҳасида кўп йиллар самарали меҳнат қилган, ҳозирги кунда ўз масалаҳатлари билан таълим сифатини оширишда яқиндан ёрдам бериб келаётган О.Алиева, Т.Турғунов, М.Холдарова, А.Султонов, Р.Қўрғонова, А.Валиев каби устозларимизга суянамиз ва таъзим қиламиз.
Биз бугун замонавий билим ва касб-ҳунар, хорижий тилларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган минг-минглаб фарзандларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва сизларнинг бу улуғ хизматингизни юксак қадрлаймиз.
Зеро, миллатнинг, халқнинг эртаси, тараққиёти азиз устозлар қўлида!
Бугунги кунда замон талаби, халқимизнинг хоҳиш ва истагидан келиб чиққан ҳолда, таълим тизимида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, умумий ўрта таълим соҳасида 11 йиллик тизимга ўтиш, академик лицей ва касб-ҳанар коллежларини оптималлаштириш, олий таълим муассасаларида кечки ва сиртқи бўлимларнинг очилиши, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, нодавлат таълим хизматини кўрсатиш каби узоқни кўзлаган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини сиз, ҳурматли устоз ва мураббийлар ҳаммадан кўра яхши тушунасиз.
Сўнгги икки йиллар мобайнида мактабларни моддий-техник базасини ривожлантириш борасида маҳаллий бюджет ҳисобидан икки миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, ўқувчилар учун етарли шарт-шароитлар яратилди. 2022 йилнинг октябрь ойида қўшимча равишда 373 миллион сўмлик ўқувчилар партаси ва синф доскалари мактабларга етказиб берилади.
Туманда таълим соҳасига бўлаётган эътибор, таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида бюджетдан маблағ ажратиш бўйича Бувайда тумани республикада етакчи эканлиги бизни фахрлантиради.
Муҳтарам ўқитувчи-мураббийлар, азиз устозлар!
Агарда дунёда иморатлар ичида энг улуғи мактаб бўлса, касблар ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир!
Сизларни 1 октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга узоқ умр, бахт-саодат, хонадонингизга файзу-барака, баркамол авлодни вояга етказишдаги эзгу ишларингизга улкан зафарлар тилайман.