Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38
САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ БУЗИЛИШИ
2021-10-15 14:13:45 253
У қай тартибда кўриб чиқилади?
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасига кўра, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.
Шунингдек, Конституциянинг 44-моддасига кўра, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Сўнгги йилларда сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган бир қанча муҳим ислоҳотлар амалга оширилиб, Сайлов кодекси қабул қилинди.
Сайлов қонунчилигидаги яна бир муҳим ўзгаришлардан бири Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг қабул қилиниши билан боғлиқ бўлиб, ушбу кодекснинг қабул қилиниши билан фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги ариза (шикоят)ларни кўриб чиқиш тартиблари ҳам такомиллаштирилди. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг суд тартиби ҳам актив (ижобий) ҳуқуқий механизм сифатида самарали ҳисобланади.
Мамлакатимизда сайлов ҳуқуқларини суд тартибида ҳимоя қилишга қаратилган иккита муҳим қонун мавжуд. Булар Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексидир.
Мазкур қонунларда сайлов ҳуқуқларини суд тартибида ҳимоя қилишга оид бир қанча нормалар келтириб ўтилган. Жумладан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасида маъмурий судларга сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар тааллуқли эканлиги ўрнатиб қўйилган. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 30-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди биринчи инстанция суди сифатида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш ҳақидаги ишларни кўриб чиқади.
Ўз навбатида, амалдаги Сайлов кодексида сайлов комиссияси қарорлари устидан шикоят қилиш тартиби ҳам белгиланиб, Кодекснинг 102-моддаси талабига кўра, номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари, номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин беш кун ичида судга шикоят қилиши мумкин. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин. Шикоят келиб тушганидан кейин уч кун ичида, сайловга камида олти кун қолганида эса дарҳол кўриб чиқилиши керак. Шикоят берган шахслар шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Сайлов ҳуқуқлари бузилиши юзасидан тегишли сайлов комиссиялари хатти-ҳаракатлари ёки қарорлари устидан маъмурий судга шикоят қилиниши мумкин. Бунда тегишли сайлов комиссияси қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ёки тегишли сайлов комиссияси хатти-ҳаракатини қонунга хилоф деб топишни сўраб судга шикоят қилиниши мумкинлигига эътибор берилиши лозим.
Бироқ, шуни айтиб ўтишимиз керакки, такрорий сайлов ўтказиш, сайловларни ҳақиқий эмас деб топиш, сайловни ўтмаган деб топиш маьмурий суд ваколатига кирмайди. Шунга кўра, бундай талаблар билан маъмурий судга мурожаат қилиб бўлмайди. Маъмурий судлар фақат тегишли сайлов комиссиялар қарорларини ҳақиқий эмас, хатти-ҳаракатини қонунга хилоф деб топиши мумкин.
Сайлов кодексига кўра, такрорий сайлов ўтказиш, сайловни ўтмаган, ҳақиқий эмас деб топиш фақатгина тегишли сайлов комиссиясининг ваколатига киради. Аммо бу ҳолатда фақатгина битта сайлов участкаси ёки округида сайлов ўтмаган деб топилган бўлса, агар ушбу сайлов участкаси ёки округи сайлов натижаcисиз ҳам сайлов ўтган деб ҳисоблаш мумкин бўлса, у ҳолда тегишли сайлов комиссияси томонидан ушбу участка сайлов натижалари чиқариб ташланиши мумкин.
Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини суд тартибида ҳимоя қилишда судга мурожаат қилиш муддатларига ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим. Зеро, тегишли муддатлар ўтгандан кейин қилинган ариза (шикоят) қаноатлантирилмасдан қолдирилиши мумкин.
Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини суд тартибида ҳимоя қилишда ариза (шикоят) шаклига ҳам етарлича эътибор қаратиш лозим.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 142-моддасига кўра, сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят суд томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим.
Шикоят суд томонидан аризачини ва тегишли сайлов комиссиясининг вакилини, шунингдек, прокурорни, агар шикоят аризачига эмас, балки бошқа фуқарога дахлдор бўлса, ўша шахсни ҳам чақирган ҳолда кўриб чиқилади. Бу шахсларнинг келмаслиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
Суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши биланоқ дарҳол тегишли сайлов комиссиясига ва аризачига топширилади.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 167-моддасига кўра, сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларга доир ҳал қилув қарорлари дарҳол ижро этилиши лозим.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, янги сайлов қонунчилиги сайловларнинг очиқ, ошкора, адолатли ўтишини таъминлаб беради. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмлари ҳамда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги ариза (шикоят)ларни кўриб чиқиш тартибини билиш энг муҳим конституциявий ҳуқуқлардан бири бўлмиш сайлов ҳуқуқини самарали ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилади.
Ш.АХМЕДЖАНОВА,
Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси.
Ф.АБДУБОИСОВА,
Фарғона туманлараро маъмурий судининг ёрдамчиси.