Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38
НУРОНИЙЛАР ВА ЁШЛАР МАСКАНИ ОЧИЛДИ
2021-04-07 15:03:18 340
Ўлкамизда Наврўзи олам шукуҳи кезиб юрган шу фарахбахш кунларда туманимизнинг 20400 нафар нуронийлари қалби олам-олам қувончга тўлди. Боиси бугун туман ҳокимлиги ташаббуси билан “Нуроний ва ёшлар” маскани янги биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Ушбу масканнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Ҳайрулло Бозоров, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Топволди Холдоров, туман ҳокими Беҳзоджон Ибрагимовлар иштирок этди. Улар туманимиз нуронийларини яна бир маънавий марказ очилиши билан табрикладилар. Келгусида мазкур маскан нуронийлар ва ёшлар иштирокида учрашувлар ўтказиладиган, отахон-онахонлар гурунглашадиган, ибратли оилалар соҳиблари иштирокида уюштириладиган танловларга макон бўлишини таъкидлашди.
- Бугун мен каби нуронийларнинг боши осмонга етди,-дейди Янгиқўрғон қишлоғилик Эркинбой ота Хўжаев, - Бундай эътибор ва ғамхўрликдан барча бувайдалик қариялар мамнун. Бунинг учун аввало Юртбошимизга, вилоят, туман ҳокимларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ғамхўрликка жавобан юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда, ёшлар тарбиясида баҳолиқудрат иштирок этамиз.
Тадбир иштирокчиларини Марказий маданият маркази қошидаги “Табассум” ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари, мактаб ўқувчилари ҳамда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари томонидан янграган куй ва қўшиқлар хурсанд этди. Кечга қадар давом этган ушбу тантана бувайдаликлар ёдида узоқ вақт сақланадиган бўлди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, вилоят ва туман ҳокимлиги томонидан ажратилган 1миллиард 200 миллион сўм эвазига қуриб битказилган “Нуронийлар ва ёшлар” масканида соғломлаштириш хоналари, кутубхона, тиббиёт хоналари мавжуд. Турфа хил гуллар экилган маскан ҳовлисига сўрилар қўйилиб, ўзбекона кўрпачалар тўшалган. Туманимизда истиқомат қилаётган мўътабар онахон ва отахонлар энди ҳафтанинг истаган кунлари бу ерга келиб маданий ҳордиқ чиқаришлари, бир пиёла чой устида дилдан суҳбатлашишлари, маънавий-маърифий тадбирлар уюштиришлари мумкин.