Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Ishonch telefoni statistikasi

СЎЗ ЭРКИНЛИГИ ВА ЖУРНАЛИСТ МАСЪУЛИЯТИ

 2019-12-11 15:14:28    369

PDF yuklash
Chop etish


Бугун, бутун мамлакатимизда   республикамиз  парламенти ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар жараёни қизғин бораётган бир пайтда оммавий ахборот воситалари ва   журналистларнинг бу борадаги фаолияти  ҳар қачонгидан кўпроқ аҳамият касб  этади. Бунинг учун  барча  ҳуқуқий асослар, шарт-шароитлар  яратилган. Соҳада амалда бўлган ўнга яқин қонунлар,  қатор қонуности ҳужжатлари, миллий медиа соҳада ОАВ ва журналистларни қўллаб-қувватлаш мақсадида  фаолият олиб бораётган  Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Электрон ОАВ Миллий ассоциацияси, Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қуввалаш ва ривожлантириш жамоат фонди каби тузилмалар иши  бунинг мисолидир.

Йилдан-йилга оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш кучайиб бормоқда. Бу давлат ва нодавлат ОАВ таркибида нодавлат тармоқлари кўпайиб бораётганида ҳам намоён бўлмоқда. Ҳозирда 1700 дан зиёд ОАВ фаолият кўрсатаётган бўлса, барча телеканалларнинг қарийб 53 фоизи, радиоканалларнинг эса 85 фоизи, газета ва журналларнинг  60 фоизидан зиёди нодавлат оммавий ахборот воситаларидан иборат.

Энг тезкор ахборот воситаси – Интернет ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётир. Ҳозирги вақтда глобал тармоқда Uz доменли веб-сайтлар, ахборот порталлари сони 500 дан ошиб кетгани, уларнинг аксарияти хорижий тилларда фаолият кўрсатаётгани, ушбу йўналишда янги ижодий авлод – Интернет журналистлари шаклланиб бораётгани эътиборга сазовордир.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистонда веб-сайтлар, блогерларнинг саҳифалари айрим ривожланган мамлакатларда бўлгани каби рўйхатдан ўтказилмайди. Аммо улар рўйхатдан ўтказувчи органга оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказишни сўраб мурожаат қилиши мумкин. Бу, табиийки, қонунчиликда оммавий ахборот воситалари, журналистлар учун кўзда тутилган имтиёз, кафолат ва имкониятлардан тўлақонли фойдаланишига замин яратади.

Шу ўринда кейинги йилларда медиасоҳани ривожлантириш йўлида  туб янгиланишлар юз берганини ҳам таъкидлаш ўринли. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2017 йил 9 августдаги “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”, ўша йил 10 августдаги “Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”, 15 августдаги “Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари  катта воқеа бўлди.

Халқаро Пресс клубнинг ташкил  этилиши, унинг  формати ва  иш услуби миллий медиа муҳитимиз учун  янгилик бўлди, нафақат  журналистлар, балки  кенг халқ оммаси  эътиборини тортди ва ишончини  қозонди.  қозонмоқда.

Шундай  воқеалардан яна бири –  янгича шароитда ахборот соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида собиқ Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилганидир.Ушбу агентлик томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятини мувофиқлаштириш, журналистларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хорижий медиа компаниялар билан ҳамкорликни кучайтириш, чет эл веб-ресурслари ва сайтларидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиш, бир сўз билан айтганда, ахборот майдонидаги фикрлар хилма-хиллигини таъминлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Оммавий ахборот воситалари учун замонавий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилди.

Хуллас, энди барча гап журналистнинг  ўзида, унинг шижоати, билим-кўникмалари,  ҳуқуқий саводхонлиги,  қисқаси,  ўзини профессионал  журналист деб ғурур билан айта олиши учун  етарли фазилатларга  эга бўлишида  қолган, десак ўринли бўлади. Бугунги кунда бутун халқимиз сўз ва матбуот эркинлиги, барча жабҳаларда жамиятни янада демократлаштириш, либераллаштириш руҳида яшаётгани ҳам бор ҳақиқат.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, давлатимиз раҳбари томонидан танланган очиқлик сиёсати ҳозирги вақтда журналистлар ва блогерлар учун айни муддао бўлмоқда. Жойларда айрим раҳбарларнинг ҳали-ҳамон ОАВ вакилларини менсимай муомала қилиши шахсан давлат раҳбари томонидан қаттиқ танқид остига олинмоқда, натижада мансабдор шахсларнинг журналистларга бўлган муносабати ўзгармоқда. Журналистлар – бу жамиятда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни акс эттирадиган кўзгудир, агар биз бу кўзгуни ҳимоя қилмасак, уни тез-тез тозалаб эътибор бериб турмасак кўзгу хиралашиб бизга асл воқеликни кўрсатмай қўяди. Шундай экан демократик жамият барпо этмоқчи бўлган ҳар қандай давлат ҳудди ҳозирги кунда Ўзбекистонда ОАВ вакилларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган сиёсатни эътироф этади.

Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев журналистлар ва блогерларни шахсан ўзлари қўллаб-қувватлаётганлиги нафақат маҳаллий аҳоли томонидан, балки хорижлик экспертлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Яқинда, АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элис Уэллс ўзининг «Твиттер»даги саҳифасида шундай баёнот берди: «Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларига нисбатан таҳдидларни қоралаётгани ва ОАВ эркинлигига содиқлигини яна бир бор таъкидлаганидан хурсандман. Журналистлар ва блогерларнинг хавфсиз бўлиши ҳамда эркин ишлашини таъминлаш демократия ва очиқликнинг янада ўсишига туртки беради». Бундан ҳам кўриниб турибдики, давлатимиз раҳбари белгилаб берган очиқлик сиёсати ўз мевасини бермоқда ҳамда халқнинг олқишига сазовор бўлмоқда.

Энди бевосита  бугунги жараёнларга  тўхталадиган  бўлсак,   шубҳасиз,  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларига сайловлар  барча  журналистлар ва ОАВ диққат  марказида турган  йирик сиёсий  воқеалардан  биридир.  Албатта,  сайлов жараёнини  ёритишнинг  ҳам ўз  тартиб-қоидалари бор. Хусусан, ОАВ вакили сайлов кампанияси даврида холис ахборотларни кенг, тезкор ва эркин тарқатиш, шунингдек ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ташкил этиши учун аккредитациядан ўтади. ОАВ вакилларининг ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси,  вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан берилган гувоҳномалар билан тасдиқланган бўлиши керак. Уларнинг  ваколат муддати унга аккредитациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилган кундан бошланади ва сайлов якунлари расман эълон қилинган куни тугайди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари сайловолди тадбирлари ва сайлов жараёнини кузата олишлари учун халқаро матбуот маркази фаолият олиб бормоқда. Қисқа қилиб айтганда,  бу муҳим тадбирни  холис ва ҳаққоний ёритиш учун  журналистларга  барча етарлича шарт-шароитлар  яратилмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг сайлов кодекси”да ташвиқотни оммавий ахборот воситалари орқали олиб бориш тартиблари лўнда ва аниқ қилиб берилган. Бу ўринда мен  бошқа бир жиҳатга урғу бермоқчиман.  Холислик ва ҳаққонийлик журналистиканинг ўзак талабларидан. ядроси ҳисобланади. Журналистнинг қалами  ҳақиқат учун хизмат қилиши лозим. Шундагина у  жамият виждони  бўла  олади. Жумладан, текширилмаган  маълумотни  тарқатиш  қонун  билан таъқиқланади. Бу нарса шу йил  қабул қилинган Ўзбекистон Журналистлари касб этикаси кодексида ҳам   кўзда тутилган бўлиб, унда “ўзи тарқатаётган ахборотнинг ишончлилигини текшириш ва холис ахборот тақдим этиш журналистнинг мажбуриятидир. Журналист ҳаққонийлигига ишонч ҳосил қилган ахборотнигина тарқатади ва шарҳлайди (камида иккита мустақил манба орқали ахборотни текшириб кўриши тавсия этилади), деб қайд этилган.

   Сайловолди тадбирлари ва сайлов жараёнини ёритишда  бу қоида  жуда муҳим  ўрин тутади. Бироқ,  айрим ҳамкасбларимиз  томонидан бу борада шошма-шошарлик    ҳолатлари  учраб турибди. Масалан,  сайловга  тайёргарлик  кўриш  жараёни кетаётган, бироқ ҳали Марказий сайлов  комиссияси  томонидан  бир қарорга келинмаган   пайтда   баъзи хорижий ва  мамлакатимиз  электрон  нашрларида овоз  бериш санаси фалон кунга белгиланди, деган мазмунда хабар тарқалиб кетди. Ваҳоланки, сайлов қонунчилигига  мувофиқ  оммавий ахборот воситалари бу ҳақдаги маълумотни фақат МСК  йиғилишидан  кейин  эълон қилиши  лозим.

Ёдингизда бўлса,  бу хабар тарқалгандан кейин  Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси маҳаллий ва хорижий ОАВда Ўзбекистонда парламент сайловлари бўлиб ўтиши санаси маълум қилинганлиги ҳақидаги хабарларга раддия берган эди. Бундай ҳолатлар журналистдан фақат биринчи бўлиб  хабар тарқатишга  ишқибозлик  ортидан келиб чиқади. Биринчи бўлиш  яхши, лекин барчаси қонун доирасида  бўлгани маъқул.  Қолаверса,  журналистнинг иши фақат хабар тарқатиш  эмас. Бу ишни соҳа вакили бўлмаган кишилар ҳам қила олади бошқалар ҳам қилаверади. Журналист эса жамият ҳаётида юз берган воқеа, ижтимоий-сиёсий ёки маданий-иқтисодий муаммоларга  жамоатчилик эътиборини  тортиши, шундан кейин у қандай  натижа бергани ёхуд бермаганини, ёзган материали  халққа қанчалик наф келтирганини    таҳлил  қилиши, бу йўлдаги ҳаракатини  давом эттириши лозим. Шундагина у кўзлаган мақсадига етади, шундагина қалам кучи ўзини намоён этади. 

    Шу ўринда  яна бир  масала  эътиборни тортади, яъни ишончсиз  ахборот   ва ёлғон, бўҳтон тарқатиш учун жавобгарлик масаласи. Бу, очиғи, бутун дунё миқёсида оғриқли муаммо. Мазкур жараёнда интернет  тармоқлари етакчилик  қилаётгани ҳам сир эмас. Интернетда, хусусан, ижтимоий тармоқларда ҳар куни қанчадан-қанча ёлғон хабарлар тарқатилмоқда. Одамлар эса  турлича –   кимдир рост  билан ёлғоннинг  фарқига боради, кимдир соддалигига бориб ишонади-қўяди.  Айрим  хабарлар  ҳар қандай кишини ташвишга солади. Бир мисол.  Интернетда “снос” деган бир тушунча шу йил бошида  бир неча ой давомида  шов-шувли мавзуга айланди. Бу борада рост ва ёлғон аралашиб кетди. Жумладан, хорижий нашрларда пойтахт Тошкентда 30 мингдан ортиқ уйлар ноқонуний бузилаётгани ҳақидаги асоссиз маълумот тарқалиб кетди ва уни  юз минглаб  фойдаланувчилар  ўқиди.

    Бугунги кунда, умуман, бутун дунёда интернетда тарқатилаётган ёлғон хабарларга қарши курашиш масаласи тобора кўпроқ кун тартибига чиқмоқда. Хорижий ОАВ хабарларига кўра, Франция Парламентининг қуйи палатаси  “Ёлғон хабарга қарши кураш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллаган. Агар мазкур ҳужжат кучга кирса, француз судлари оммавий ахборот воситасини уларнинг ишончлилиги бўйича келиб тушган шикоятга кўра ихота этиб қўйиш ваколатига эга бўлади ва 48 соат ичида ахборотнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини аниқлайди.

Шу билан бирга, Франция Ички ишлар вазирлиги таркибида ахборот технологиялари ва алоқа соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бош бошқармаси иш олиб боради. У интернетдаги сайтларнинг мазмунини назорат қилади, айрим ҳолларда полиция ходимлари суд санкциясисиз провайдерлардан веб-сайтдан фойдаланишни чеклашни талаб қилиши мумкин.

Россия Федерацияси Федерал Мажлиси қуйи палатаси – Давлат Думаси томонидан ҳам жорий йилнинг январь ойидан бошлаб ёлғон хабарга қарши курашиш мақсадида “Ахборот, ахборот технологиялари ва ахборот ҳимояси тўғрисида”ги ҳамда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Федерал қонунларга ўзгартишлар киритиш устида иш олиб борилмоқда. Бу борада маълум натижаларга эришилди ҳам. 2019 йил 13 март куни юқори Федерация Кенгаши ёлғон хабарлар тарқатган ресурсларни блоклаш ва жазолаш кўзда тутилган қонун лойиҳасини маъқуллади. 29 мартдан бошлаб “Ёлғон хабарларни тарқатганлик учун жавобгарлик тўғрисида”ги Қонун кучга кирди.  Қонунда ёлғон хабар тарқатишда айбдор деб топилган шахсларга 30 минг рублдан 100 минг рублгача жарима жазоси белгиланади. Такрорий ҳуқуқбузарлик учун 100 минг рублдан 300 минг рублгача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси тайинланади. Агар хабар шахс, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказган бўлса, жарима суммаси 300 минг рублдан 600 минг рублгача бўлган миқдорни ташкил этади.Шунингдек, қонунда юридик шахслар учун ҳам жавобгарлик белгиланган бўлиб, улар учун жарима суммаси 200 минг рублдан 1,5 миллион рублгача бўлган миқдорда белгиланган.

Бизда, Ўзбекистонда-чи, деган  савол туғилади. Интернетдаги фейклар, ёлғон хабарлар тарқатганлик учун жавобгарликнинг ҳуқуқий  асослари борми?  Ҳозирча  алоҳида қонун ҳужжати йўқ. Аммо, хориж давлатлари тажрибасидан келиб чиққан ҳолда соҳага оид  қонунчиликка  тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиб, бу ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиш мумкин.

Мисол учун, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда журналистнинг ҳуқуқлари билан бир қаторда, мажбуриятлари кўзда тутилган. Унга кўра, журналист ўз касбига доир ахборотдан шахсий мақсадларда фойдаланиши, ахборот манбаи ёки муаллиф розилигисиз жисмоний шахснинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотларни эълон қилиши, шунингдек, аудио ва видео ёзиш воситаларидан фойдаланиши мумкин эмас.

Бу жуда тўғри талабдир. Чунки глобаллашув, ахборот жамияти шаклланаётган бир шароитда, айниқса, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига дахл қилишдан, шахсий ҳаётга аралашишдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларига риоя қилиш тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда.

Шу билан бирга,  Ўзбекистон Журналистлари  касб этикаси  кодексида  “Журналист ҳар қандай шароитда ҳам ёлғон ахборот эълон қилмайди, далилларни бузиб кўрсатмайди ва ижтимоий аҳамиятга эга ахборотни атайлаб яширмайди”, деб кўрсатиб қўйилганки, бу қоидалар  барча журналист  учун ўзига хос дастуриламал бўлиши лозим. Яна ёлғон ва бўҳтонларга  қарши курашда бирдам ва ҳамқадам  бўлишимиз мақсадга мувофиқ.

Мамлакатимиз қонунчилигида фуқаролар ва юридик шахсларнинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишга оид ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қоидалар ўз аксини топган, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирловчи ёлғон маълумотларни била туриб тарқатганлик сингари туҳмат ҳамда ҳақорат учун жавобгарлик белгиланган. Сўз эркинлиги инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишидан иборат ҳуқуқидан устун бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон қонунчилигининг ушбу қоидалари халқаро ҳуқуқий қоидаларга ҳамда бошқа демократик мамлакатлар тажрибасига тўла мувофиқ келади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат  Мирзиёев шу йил 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган байрам табрикларида таъкидлаганларидек, “...барчамиз бир ҳақиқатни  унутмаслигимиз зарур:  ахборот майдонидаги  турли баҳс ва тортишувлар, аввало, ҳаққонийлик ва  холислик тамойилларига асосланиши, қонун ва одоб қоидалари доирасида  бўлиши, шахсий ғараз  ва хусуматга, сохта обрў орттириш усулига айланиб кетмаслиги, инсон шахси ва шаънини таҳқирлашдан йироқ бўлиши, бундай салбий ҳолатларга бизнинг медиа майдонимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги керак”.

Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юртимизда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар давом этмоқда. Ўзбекистон ҳаққоний, холис, халқаро журналистик этика асосида иш олиб борадиган ҳар қандай хорижий оммавий ахборот воситаларига ишлаш учун зарур шароит яратиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Ишлаш принципидан, улар илгари сураётган масалалар бизнинг қарашларимизни акс эттириши ёки зид эканидан қатъи назар, бетараф ва адолатли журналистика учун эркин майдон яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги медиа-макондаги, хусусан ижтимоий тармоқлардаги қайноқ ахборот оқими ушбу фикрлар нақадар муҳим эканини кўрсатиб турибди. Сўз эркинлиги ва ҳаққоний сайловлар, таъбир жоиз бўлса, демократиянинг икки  қаноти. Мана шу икки қанот қанчалик  мустаҳкам ва бақувват бўлса, юртимиз шунча равнақ топади, ҳаётимиз фаровон бўлади, ҳуқуқий давлатчиликнинг бошқа институтлари ҳам  ривожланиб, такомиллашиб бораверади.

 

Саъдулла Ҳакимов,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси 

раиси