Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38
Янги Меҳнат кодексида микрофирмаларга қандай имкониятлар белгиланган.
2022-12-29 15:52:36 264
2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги Меҳнат кодексида микрофирмалардаги меҳнатнинг алоҳида ҳусусиятлари ва қоидалари назарда тутади. Кодекснинг 29-боби
1-параграфидаги 504, 505 ва 506-моддаларда ана шундай ўзига ҳос бўлган нормаларни кўришимиз мумкин.
бу нормалар микрофирмалар эгаларига ва раҳбарларига анчагина қулайлик беради, жумладан, ходимларнинг меҳнатини ташкил қилишда, ўзгартиришда ва айниқса, меҳнат шартномаларини бекор қилишда.
Биринчидан, микрофирмалар учун баъзи бир ички ҳужжатларни тасдиқлаш мажбурий бўлмайди. Мисол учун, ички меҳнат тартиби қоидалари, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом, мукофотлаш ҳақидаги низом, сменалар жадвалини ва бошқа шунга ўхшаш ҳужжатлардан тўлиқ ёки қисман воз кечишга ҳақли.
Иккинчидан, микрофирмалар ишга қабул қилинаётган шахслар билан ўзаро келишув асосида муддатли меҳнат шартномалари тузишлари мумкин, гарчи бу шахс бажарадиган иш ва унинг ҳусусияти муддатли характерга эга бўлмаса ҳам.
Учинчидан, микрофирма ходими иш берувчи бўлган микрофирмани 7 календарь кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, ўз ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли бўлади. Бошқа умумий ҳолатларда бу муддат 14 календарь кунни ташкил қилади.
Тўртинчидан, меҳнат шартномасини интизомий жазо сифатида бекор қилишга асос бўладиган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузилишлар рўйҳати ходим билан тузилган меҳнат шартномасида белгилаб олиниши мумкин. Биласиз, умумий ҳолатларда булар корхонанинг ички меҳнат тартиби қоидалари билан белгилаб олинади.
Бешинчидан, микрофирма рахбари ўз ходими билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодексида назарда тутилган асослардан ташқари меҳнат шартномасида назарда тутилган асослар бўйича ҳам бекор қилишга ҳақли бўлади. (Масалан, микрофирма ходими билан тузилган меҳнат шартномасида корхонанинг оғир молиявий аҳволга тушиб қолиши, ёки ходимнинг меҳнатига зарурат қолмаганлиги каби ҳолатларда меҳнат шартномаси тўғридан-тўғри шу асослар билан бекор қилинишига оид мураккаб бўлмаган шартлар назарда тутилиши мумкин бўлади)
Олтинчидан, микрофирма ходимини меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш муддатлари, шунингдек меҳнат шартномаси бекор қилинганда тўланадиган ишдан бўшатиш нафақасини ҳамда бошқа компенсация тўловларини тўлаш ҳоллари ва миқдорлари бемалол меҳнат шартномасида белгилаб олиниши мумкин. Бундай шартлар ва бу кафолатлар агар меҳнат шартномасида кўрсатилмаган бўлсагина, Меҳнат кодекси ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда кўрсатилган кафолатлар қўлланади.
Маълумот сифатида айтиб ўтамиз, микрофирмалар деганда:
ишлаб чиқариш тармоқларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 20 киши бўлган;
хизмат кўрсатиш соҳасидаги ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган бошқа тармоқлардаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 10 киши бўлган;
улгуржи, чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш тармоқларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 5 киши бўлган юридик шахсларни тушунамиз (“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддаси).
Бувайда туман адлия
бўлими бошлиғи Н.Исмоилов