Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Ishonch telefoni statistikasi

Юксак орзуларга интилаётган ҳунарманд

×

 2022-07-21 13:30:50    279

PDF yuklash
Chop etish


Шу йилнинг май ойида Президентнинг туманимизга ташрифи доирасида блогер Хушнудбек Худойбердиев  Бувайда туманида ёғочдан турли машина моделларини ясаб,  ундан яхшигина даромад олаётган  йигит ҳақидаги  маълумотни ўз саҳифаси, Ютуб  ҳамда  бошқа ижтимоий тармоқларда тарқатганди.

Мен ҳам бу йигит билан суҳбатлашишни ният қилиб, уни излаб топишга қарор қилдим.

- Бахтиёржон, ишларингизни кўриб сизни аввал наққош бўлган деб ўйладим. Муштарийларимизга ўзингизни таништирсангиз. Қайси қишлоқда туғилгансиз, қайси мактабда ўқигансиз,  наққошликка илк ҳавас қандай пайдо бўлган?

- Мен Тошараб қишлоғида туғилганман. 30-умумтаълим мактабида ўқиганман. Ёшлигимдан расм ва нақш чизишга қизиқардим. Қўшнимиз дурадгор уста эди. Доим ўшаларникига кириб, у қилаётган ишларни томоша қилиб ўтирардим. Секин-аста қўшнимиз менга кичик юмушларни  буюра бошлади. Сабзи тахта, жўва, ўқлов, чекич каби дурадгорлик буюмларини 5-6 синфдаёқ ясай олардим.  Шундан сўнг ёғоч ўймакорлиги ва наққошликни мукаммал ўрганиш учун қишлоғимиздаги таниқли наққош Илғоржон Қирғизов ҳузурига бордим. Устозим Беньков номидаги рассомчилик билим юртини тамомлаган, қобилиятли ва ўз ишининг устаси бўлган рассом-наққош. У менга бу ҳунар сирларини қунт билан ўргатди. Ҳозир ҳам билмаганларимни устозимдан сўраб, маслаҳатлар олиб турибман.

Устозим менга доимо “яхши наққош, ёғоч ўймакори бўламан десанг, меҳнатдан қочма, бир кунда камида 9-10 соат ишласанггина ўз ишингни устаси бўласан. Аввал меҳнат қил, шунда обрў-эътибор, бойлик, шуҳрат ўз-ўзидан келаверади”, деб таълим беради. Асосан 20 хил нақш усули бор.  Ана шу 20 хил нақшдан изланиб, ўрганиб, фантазияни ишга солиб юзлаб гуллар, нақшлар, шакллар чиқариб олса бўлади. Биринчи марта мустақил равишда ҳажми 15Х10 см.ли лавҳ ясаганман. Мен бу ҳунарни  устоз-шогирд анъанаси асосида ўрганганлигим боис натижаларим яхши. Шу соҳада ҳам ўсиш, ривожланиш бўлсин деб мураккаб ишларни қилишга, янги нарса топишга, битта ишни такрорламасликка ҳаракат қиламан.

Бахтиёржон бундан икки йиллар аввал андижонлик блогер бола билан танишиб қолганлигини, унинг таклифи билан ёғочдан турли автомашиналарнинг кичик макетларини ясаш жараёнини ютуб ижтимоий тармоғига жойлаштириш таклифини олганлигини ҳам айтиб берди. У биринчи марта “Ломбаржи” машинаси макетини, кейинчалик  дунёнинг энг машҳур машиналари моделларини ясаганлигини таъкидлади. У битта машина ясаш учун ўша машинани тўлиқ ўрганиб, машинадаги ҳар бир деталга эътибор бераркан. Машина ясаш учун турли ёғочлардан фойдаланилади. Автомобилчаларнинг ғилдираклари ажралиб туриши учун ёнғоқ ёғочи ишлатилади.

Бахтиёржон Имомов шогирдлар тайёрлаш, устозлик машаққати ҳақида шундай дейди:

- Шогирдларим ҳам бор. Уларга асосан ўз ҳунаримни ўргатишдан ташқари одамийлик ва ахлоқ-одобдан ҳам сабоқ бераман. Мен доимо ўзимга “шогирдларинг учирма бўлиб, ўзлари мустақил иш бошлаганида “кимнинг шогирди эди”,  деса уялиб қолмаслигинг керак. Шунинг учун нақш чизишни ўргат, тайёр нарсани ўрганиб олиш мураккаб эмас, нақш чизишни ўрганиб олса кейин ўз-ўзини ривожлантириб бораверади”, деб айтаман.   

Ҳаётий шиорим “қўлимдан келмайди” деган фикрни хаёлимдан чиқариб юборганман. Аллоҳ қодир қилганича ҳаммасини уддалашга ҳаракат қиламан.  Ўхшамаса ҳам уриниб кўравераман. Халқимизнинг ҳунарли хор бўлмайди, деган гапи тўғри. Агар зўр ҳунарманд бўлсангиз бемалол тирикчилигингиз ўтаверади.

Менинг болалигимда қўлбола станоклардан фойдаланар эдик. Ҳозир эса биз ҳунармандларнинг иши ҳам анча енгиллади. Станоклар ҳам замонавий, ҳам хавфсиз бўлиб қолган. Болалигимда хавфсизликка риоя қилмай бир бармоғимдан айрилганман.

Ҳозирги кунда ясаётган турли русумдаги автомашиналар билан кўргазмаларда қатнашяпман. Маҳсулотларимнинг асосий харидори маҳаллий аҳоли. Ҳали хорижга чиқа олганимиз йўқ. Умид қиламанки, бу орзуимиз ҳам тез кунларда амалга ошади.  Битта машинани ясаш учун камида 20-25 кун кетади. Уни тайёрлаш учун кўп ўқиб изланиш керак.

Бахтиёр билан суҳбат давомида шу нарсага амин бўлдикки, ҳунар одамзотни элу юртда азиз ва мукаррам қилар экан.

 Шарифа МАДРАҲИМОВА, журналист.