Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Ishonch telefoni statistikasi

ТАДБИРКОР АЁЛ САОДАТИ

×

 2020-09-14 13:38:20    282

PDF yuklash
Chop etish


Тангри таоло  ҳар бир инсонни ўзига хос муносиб истеъдод билан сийларкан. Инсон улғайган сари ушбу истеъдод аста-секин шаклланиб, меҳнат, изланиш, иштиёқ ва меҳр орқали ўз бўйини кўрсатади. Йиллар давомида истеъдод қирралари такомиллашиб, яратувчи кучга айланади.  Билим, тажриба, танлаган йўлидаги тўсиқлардан қўрқмаслик, қийинчиликлардан тушкунликка тушмаслик, муваффаққиятдан эса мағрурланиб кетмаслик инсонни олий мақсадлар сари етаклайди.

Шукрлар бўлсинки, бугунги кунда орамизда ана шундай истеъдодли, интилувчан, тадбирли  кишилар сафи  тобора кенгаймоқда.  Қаҳрамонимиз Ҳуснияхон Холиқова ҳам келажаги ёрқин изланувчан  тадбиркор аёллар сирасидандир.

Исми жисмига монанд зебо, табиатан камтар ва хушмуомала Ҳуснияхон болаликдан адабиёт, мусиқа ва тасвирий санъатга қизиқади. Турфа хил гуллар экиб, парвариш қилиш унинг энг севимли машғулотларидан бўлган. Гўзалликка ошуфталик кейинчалик унда дизайнерлик касбига чексиз ҳавас ва меҳр уйғотди. Миллий матолардан аёллар учун замонавий либослар эскизларини чиза бошлади. Чизганларини эса аслидагидан ҳам гўзалроқ қилиб тикишни ўрганди. У бир бирини такрорламайдиган ижодий ишларини дастлаб онаси Тўпанисо, кейин устозлари Шарофатой, Дилбарой опаларга кўрсатиб, уларнинг маслаҳатларини тингларди.

Ҳуснияхон тадбиркорлик фаолиятини секин-аста ривожлантира бориб Тўда қишлоғи гузарида “Ҳуснияхон моҳир қўллари” хусусий корхонасини очди. Айни кунда корхонада 40 нафардан зиёд хотин-қизлар ишламоқда.  Улар 30 хилдаги трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга эришмоқдалар. Хуршидахон, Фаридахон, Барчиной сингари моҳир чеварлар тикаётган маҳсулотлар нафақат ички бозорларимизни, балки қўшни давлатлар бозорларини безамоқда. Ёш тадбиркор изланишдан сира чарчамайди. Янгиликларга қизиқади.

-Гулларни яхши кўраман,–дейди Ҳуснияхон.– Ҳатто, тушларимда ҳам гуллар билан мулоқот қиламан. Шу боисдан гул етиштирадиган иссиқхона ташкил этиш ниятим ҳам бор. Кўрик-танловларда ўз маҳсулотларимиз билан қатнашиб, юқори ўринларни эгаллашга ҳаракат қиламиз. Қишлоғимиздаги ишсиз юрган ёшларни иш билан таъминлаб, оилалар иқтисодиётини яхшилашга ҳиссамни қўша олсам ўзимни ғоят бахтиёр ҳис этаман.

Ҳуснияхон хусусий корхона бошлиғи, тадбиркор бўлибгина қолмай оқила оила бекаси. Умр йўлдоши Абдуғофир билан бирга икки ўғилни вояга етказишди. Улуғбек Андижон давлат хорижий тиллар университетининг 4 босқич талабаси. Авазбек олий ўқув юртида таҳсил олиш нияти билан ҳаракат қилмоқда.

Интилганга толе ёр, дейишади. Эл-юрт ташвиши билан ёнаётган Ҳуснияхон сингари ғайрат-шижоатли тадбиркорларимиз сафи тобора кенгаяверсин. Биз  уларга омад, зафар ва эзгу мақсадлари сари оқ йўл тилаймиз.

Баҳромжон МАМАДАЛИЕВ, 

халқ депутатлари  туман Кенгаши раиси ўринбосари.