Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Ишонч телефони статистикаси

ШУҲРАТ ҒАНИЕВ: ОЛТИАРИҚЛИК ЁШЛАРГА УЗУМЧИЛИК КЛАСТЕРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ УЧУН 50 ГЕКТАР ЕР ВА 2,5 МЛРД. СЎМ МАБЛАҒ АЖРАТИЛАДИ

×

 2020-01-16 20:01:15    496

PDF юклаш
Чоп этиш


Юртимизда ёшлар учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 декабрь куни ташаббускор ёшлар билан учрашуви улар учун  катта имкониятлар эшигини очиб берди. Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг бу галги учрашуви вилоятнинг Олтиариқ ва Риштон туманининг фаол, шижоатли, ташаббускор ёшлар билан бўлиб ўтди.

Олтиариқ туманида ташкил этилган учрашув ноанъанавий тарзда табиат қўйнида янги ташкил этилаётган узумзорлар майдонида ўтказилди. Бу ерда “Файз бинокор” фермер хўжалиги томонидан янги узумзор ташкил этилган. Учрашув иштирокчилари фермер ва боғбонларнинг меҳнати ва унинг самарасини ўз кўзлари билан кўришди.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ёш фермерлар билан узум навлари, унинг ҳосилдорлигини ошириш услублари ва табиийки, ташқи бозор масаласида фикр алмашди. Шундан сўнг улар юзлаб олтиариқлик ёшлар билан янгитдан ташкил этилаётган 15 гектарли ер майдонида узум кўчатларини экдилар.

Маълумки, бу йил Олтиариқда Ўзбекистон Республикаси Президенти тавсияси билан 3 минг гектар янги узумзорлар ташкил этилиши лозим. Бу ишда ёшлар фаол қатнашмоқчи эканликларини билдиришди.  

-Боғдорчилик маҳсулотларини етиштириш ҳамда тумандаги  узумчилик кластерлари таркибида 1 гектар ер майдони ажратишга кўмаклашсангиз,-дея мурожаат қилди  Абдулборий Ҳолматов.-Уста боғбонлардан олган тажрибаларга таяниб, узумзор боғ ташкил этиш ниятимиз бор.

Ёш боғбоннинг таклифи вилоят ҳокими томонидан қўллаб-қуввватланди. Унга ва  у каби ёшларни бириктирган Ёшлар Иттифоқи туман бўлимига узумчилик кластери ташкил этиш учун 50 гектар ер майдони ҳамда 2,5 млрд. сўм миқдорида дастлабки маблағ ажратилди.

Муҳаммадисмоил Назиров “Зилҳа” қишлоғидаги “Файзиобод” маҳалласида спортнинг бокс турига қизиққан ёшлар кўплигини айтиб, бокс ринги зарурлигини билдирди. Вилоят ҳокими бокс севар ёшлар илтимосини қондириб, ринг сотиб олиш учун 150 млн. сўм маблағ ажратди.

Олтиариқ туманидаги кинотеатр фаолиятини қайта йўлга қўйишни таклиф этган Диёра Орипованинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш учун 500 млн.сўм, Азамат Камоловга сунъий футбол майдони қуриш учун ер ва имтиёзли кредит, Исломбек Маматожиев таклифи билан Олтиариқ узумчилик музейини ташкил этиш учун бино ажратиладиган бўлди. Учрашув чоғи Шуҳрат Ғаниев Олтиариқ туманидаги мактаблар учун 200 та компютер совға қилди.   

             *** *** ***

Бугун Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев риштонлик ёшлар билан ҳам учрашди. “Равшан –Керамикс” МЧЖ маҳсулотлари кулолчиликда ўзбек брендига асос солган корхоналардан биридир.Ҳоким билан учрашувга ташриф буюрган ёшлар дастлаб шу корхона фаолияти, бўш ишчи ўринлари билан танишдилар. Сўнгра корхонанинг кўргазма залларидан бирида ёшларнинг ҳоким билан мулоқоти бошланди. 

Дунёга ўзининг кулолчилик буюмлари билан танилган риштонлик усталарнинг фаолиятидан ҳикоя қилувчи кўргазма барчанинг диққат эътиборини ўзига тортди. Риштон тумани бугун ўзининг ҳунармандчилик соҳасида катта салоҳиятга эгалиги билан ажралиб туради. Шу боисдан ҳам бу ерда камолга етаётган ёшларнинг деярли барчаси ёшлигиданоқ касб ва ҳунарнинг эгаси бўлади. Бу албатта яхши. Лекин учрашув давомида вилоят ҳокими риштонлик ёшлар ўз ҳунарлари билан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” тамғаси билан дунё бозорига олиб чиқиш ҳақида гапирди. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратиб берилади, деди вилоят ҳокими.

-Туманимизга бугун келаётган сайёҳларнинг сонини янада кўпайтириш мақсадида “Ёшлар туризм” агентлигини ташкил этишни таклиф этмоқчиман,-дейди Ҳаётхон Сангинова.- Бу борада туман Ёшлар Иттифоқи билан соҳага оид лойиҳаларни ишлаб чиққанмиз. Ҳаётхоннинг таклифи туризм мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиб, амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

Риштонлик ёшлар томонидан шунингдек, тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун ер майдони олиш, таълим муассасаларини компютер билан таъминлашга доир таклифлар билдирилди. Ёшларнинг барча таклиф ва мулоҳазалари вилоят ҳокими томонидан қўллаб-қувватланди ва ижро учун йўналтирилди.

Учрашув сўнггида риштонлик бўлган Қўқон педагогика институтининг талабалари вилоят ҳокимига эътибор ва ғамхўрлик учун ташаккур билдирдилар ва улар ҳар ишда фидоий ҳамда елкадош бўлишга тайёр эканликларини изҳор этишди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.