Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Ишонч телефони статистикаси

Эхтиётсизлик оқибатида содир этилган жиноятлар учун жавобгарлик

 2022-09-28 09:19:51    376

PDF юклаш
Чоп этиш


Ўз-ўзига ишониш ёки бепарволик орқасида содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноят деб топилади.

Агар жиноятни содир этган шахс ўз хулқ-атвори қонунда назарда тутилган ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигига кўзи ета туриб, эҳтиёткорлик чора-тадбирларига онгли равишда риоя этмаган ҳолда бундай оқибатлар келиб чиқмаслигига асоссиз равишда умид қилган бўлса, бундай жиноят ўз-ўзига ишониш оқибатида содир этилган деб топилади.

Агар жиноят содир этган шахс ўз хулқ-атвори қонунда назарда тутилган ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигига кўзи етмасада, лекин кўзи етиши лозим ва мумкин бўлса, бундай жиноят бепарволик орқасида содир этилган деб топилади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда жамиятимизда кўп учраётган жиноятлардан бири бу эхтиётсизлик оқибатида содир этилган жиноятларлардир.

Хусусан, автоавария билан боғлиқ жиноятлар.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддасида транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятлар учун қатъий жазо чоралари белгиланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг    2015 йил 26 июндаги 10-сонли қарорига кўра, транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятларнинг асосий объекти жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартиби ҳисобланади. Шу билан бирга, айбдор шахс мазкур жиноятларни содир этишда, деярли барча ҳолларда, инсон ҳаёти ва соғлиғи каби қонун билан қўриқланадиган бошқа объектларга ҳам тажовуз қилади.

Йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидалари эҳтиётсизлик оқибатида бузилганлиги сабабли бир йўла бир неча шахснинг баданига турли даражадаги оғирликда (енгил, ўртача оғир ёки оғир) шикаст етказилган бўлса, айбдор шахс ЖК 266-моддасининг биринчи қисми бўйича жиноий жавобгарликка тортилади.

Бир хил оқибатлар келтириб чиқарган, ўзаро боғлиқ бўлмаган йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларининг бир нечаси бузилганда, айбдорнинг ҳаракатлари ЖК 266-моддасининг шундай оқибатларни назарда тутувчи тегишли қисми билан (ЖК 33-моддаси иккинчи қисми қоидасига мувофиқ) қамраб олинади.

Ҳайдовчининг йўл-транспорт ҳодисаси содир этилишида, жумладан, ҳаракатланиш тезлигини оширганлиги натижасида, айбдорлиги ёки айбсизлиги масаласини ҳал этишда “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 11-банди талабларидан келиб чиқиш лозим бўлиб, унга кўра, ҳайдовчи транспорт воситасини белгиланган чекланган тезликдан оширмасдан ҳаракатнинг серқатновлигини, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, хусусан, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда бошқариши керак.

Ушбу соҳадаги қонун бузарликнинг олдини олишда, мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат идоралари ва соғлиқни сақлаш муассасалари мутасаддилари, балки жамоатчилик бирлашмалари, ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим муассасалари қолаверса, кенг жамоатчилик ҳар биримиз масъулдирмиз. Ҳар биримиз келажак авлод баркамоллиги, эртанги кунимиз фаровонлиги учун жавобгармиз.

 

Жиноят ишлари бўйича Бувайда туман судининг девонхона мудири М.Мирзабоев