Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Ishonch telefoni statistikasi

ЙЎЛ ҲАҚИНИ КИМ БЕЛГИЛАЙДИ?

×

 2021-02-19 11:14:35    355

PDF yuklash
Chop etish


Газетамизнинг 29 январь 3-сонида “Йўл кира ҳақи: қаерга, қанча?” сарлавҳаси билан туман қишлоқларига ва Қўқон шаҳрига қатновчи автобус ва “Дамас” машиналарининг йўл кира ҳақлари ҳақида маълумот берилган эди.

Бу маълумотдан сўнг кўпгина газетхонлардан “Сизлар нотўғри ёзибсизлар. Масалан, Янгиқўрғон-Бувайда йўналиши 1500 сўм эмас, 3000 сўм, чиқиб-тушиш аллақачон 2000 сўм бўлган”, “Қумқишлоқ - Янгиқўрғон” газетада ёзилганидек 3000 сўм эмас, 5000 сўм”, деган  эътирозларни эшитдик.

Асл вазият қандай?

- Мен ҳар куни Бувайдадан Янгиқўрғонга ишга келиб-кетаман, - дейди исмини айтишимизни истамаган суҳбатдошимиз. -Янги йилдан аввал 2000 сўмга келиб, 2000 сўмга кетаётган эдим. Энди йўл ҳақи 3000 сўм бўлиб қолди. Ҳайдовчилардан бунинг сабабини сўрасак, “Ҳамма нарса ошди, бизнинг ҳам ўзига яраша харажатларимиз бор”, дея мужмал жавоб беришди.  Йўналишларни назорат қиладиган, йўл кира ҳақларини суриштириб турадиган ташкилот борми?

Бор.

Бу масала билан вилоят транспорт бошқармаси шуғулланади. Бошқарманинг Бувайда тумани бўйича инспектори Достон Охуновнинг айтишича, бугунги кунда туманда 6 та автобус йўналишида 39 та автобус, 23 та “Дамас”ли йўналишда 391 та “Дамас” автомашинаси фаолият юритади. “Дамас”чиларнинг барчаси лицензияга эга. Уларга кунлик режа белгиланмаган. Фақат ҳар куни 35 минг сўмдан техник ва тиббий кўрикка пул тўлашади.

-Агар биз йўловчи ташиш билан лицензиясиз шуғулланаётган шахсларни аниқласак, уларга биринчи марта огоҳлантириш берилади. Улар  30 кун оралиғида лицензия олиб, барча ҳужжатларини тўғриласа жарима қўлланилмайди. Агар белгиланган муддатда ҳам талаб этилган ҳужжатларни тайёрламай яна йўловчи ташиш билан шуғулланса, унга энг кам иш ҳақининг 20 баробаридан 100 баробаригача жарима қўлланилади. Лицензиялар 6 ойдан 1 йилгача берилади. Агар “Дамас” автомашинаси бор фуқаро йўловчи ташиш билан шуғулланиш истагида бўлса, аввало, ўзининг ҳудудидаги транспорт хизмати кўрсатувчи МЧЖ билан ижара шартномаси тузади. Бу шартнома томонларнинг келишувига кўра бир йилдан 3 йилгача тузилиши мумкин. 6 ой учун энг кам иш ҳақининг 3,5 баробари миқдорида пул тўлаб, лицензия олади.

- Мен ўзимнинг шахсий “Дамас” автомашинамда Янгиқўрғондан Бувайдага қатнайман, -  дейди  “Бувайда транс техника” МЧЖ билан ижара шартномасини тузган ҳайдовчи. – Ҳар куни кунлик режа - 35 минг сўм топшираман. Ундан ташқари машинага ёқилғи қуяман. Агар бузилиб қолса, ўз пулимга тузаттираман. Ижара шартномаси нотариус орқали тасдиқланади. Бунинг учун давлат божи (245 минг сўм), герб йиғими (24,500 сўм), тушунтириш учун (12,250 сўм), битим лойиҳасини тузишга  (122 500 сўм), таъқиқни текшириш учун (61250 сўм), “Нотариус “ автоматлаштирилган ахборот тизими орқали қарздорликни текшириш учун (24 500 сўм) жами  -  490 минг  сўмни ҳам “Дамас” ҳайдовчиси тўлайди. Менга сиз учун меҳнат дафтарчаси очилган, пенсия учун бир фоиз ҳам ўтяпти, дейишган, эди.  Аммо қўлимга бу ҳақда ҳужжат берилмаган.

- Биз барча ишлар қонуний бўлиши учун “Бувайда транс техника” МЧЖ орқали барча ҳужжатларни жой-жойига қўйиб қўйганмиз, аммо ҳеч қандай ҳужжатсиз ҳам йўловчи ташиш билан шуғулланаётган ҳайдовчилар бор. Улардан  ҳам ҳар куни 35 минг сўмдан олинади. Бу пуллар давлат бюджетига тушадими йўқми билмайман, - дейди исмини айтишимизни истамаган ҳайдовчи.

Янгиқўрғон-Бувайда йўналишида йўловчиларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқини тендерда “Бувайда транспорт техника” ва “Янгиқўрғон довон транс” МЧЖлар ютиб олган.

-Бизнинг “Янгиқўрғон довон транс” МЧЖ  Бувайда- Янгиқўрғон, Алқор-Бувайда, Бувимозор-Бувайда йўналишлари ва бошқа ички йўлларда   йўловчиларга хизмат кўрсатади, - дейди МЧЖ бош ҳисобчиси Ойбек Турдалиев. – Жами 36 та “Дамас” машинаси эгалари билан ижара шартномаси тузганмиз. Ҳайдовчилар бир кунда 35 минг сўм топширишади. Лицензия учун улардан ҳеч қандай пул олинмайди. Аммо шартнома тузилганда, барча харажатлар ҳайдовчи томонидан қопланади.

Йўналишда қатнаётган ҳайдовчиларнинг қандай ҳуқуқлари бор? Уларнинг машинаси бузилиб қолса, сизлар тузатиб берасизларми ёки ҳар кунги ёқилғиси МЧЖ томонидан қуйиб бериладими, деган саволимизга Ойбек Турдалиев:

- Йўқ, биз фақат уларга йўлда қатнашлари учун рухсатнома берамиз, холос,-деб жавоб берди.

Бош ҳисобчининг маълумот беришича, МЧЖда 37 киши иш билан таъминланган. Уларга энг кам иш ҳақи миқдорида ойлик ёзилади ва баъзиларига пластик карта очилган.

Суриштирувни мукаммал қилиш мақсадида тумандаги энг катта бекатлардан бири бўлган Янгиқўрғон-Бувайда бекатига бориб, эринмай “Дамас” машиналарини санадик. Улар 70 дан ортиқ эди. Бувайдага қатновчи, пешонасига “7” рақами ёзилган “Дамас”ларнинг ўзи 40 дан зиёд эди. Агар ўша пайтда йўлда бўлган “Дамас” автомашиналарини ҳам ҳисобга олсак, бу рақам янада ошиши мумкин.

Ойбек Турдалиевнинг маълумотларида 4 та йўналишда 36 та “Дамас”  хизмат кўрсатади, дейилган. Янгиқўрғон шоҳбекатида турган тизилишиб турган автомашиналарнинг ўзи 100 дан зиёд-ку. Буни қандай тушуниш керак? Ҳайдовчиларнинг аксарияти ҳужжатларини кўрсата олмади, баъзилари  кўрсатишга мажбур эмаслигини айтиб, биз билан тортишди, ҳаттоки баъзи бир “ботирроқ” ҳайдовчилар очиқдан-очиқ ҳужжатсиз юришини, аммо ҳар куни трансдаги инспекторларга 35 минг сўмдан топширишларини айтди. Улардан “йўл ҳақини ким оширади?” деб сўрадик. “Газ ошса биз ҳам харажатларимизни қоплаш учун ўзимиз оширамиз”, деб жавоб беришди.

Биз йўловчи ташиш соҳасидаги биттагина муаммо ҳақида сўз юритдик. Суриштирув натижасида аниқлаганларимиздан келиб чиқиб, шундай хулосага келдик: бу соҳада “яширин иқтисодиёт” илдиз отиб кетмаганмикан? 36 та “Дамас” ҳайдовчиси топшираётган пуллар давлат бюджетига солиқ сифатида тушяпти, ҳам дейлик, қолган “Дамас”чилар бераётган минглаб сўмлар кимнинг чўнтагида қоляпти?  “Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир” транс масъулларининг “ҳою ҳаваслари” деб ўзининг бир неча йил емай-ичмай йиққан пулига машина олиб, тирикчилигини ўтказаман, деган фуқаро ҳам, айниқса, йўловчилар ҳам азият чекмаяптими?

Шарифа МАДРАҲИМОВА,

журналист.